Стартап ва янги ғоялар кечаси ташкил этилди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида талаба-ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, стартап лойиҳаларга бўлган қизиқишини ошириш, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш учун имконият яратиш мақсадида “Founders Night” – стартап ва янги ғоялар кечаси ташкил этилди.
Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ва иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Аппаратининг Рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологиялари сектори, Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Грантларни жалб қилиш маркази, IT Park вакиллари, институтнинг тегишли масъуллари, иқтидорли талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбир ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни янгича фикрлашга йўналтириш, муаммоларга инновацион ечимларни топиш ва истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқишни рағбатлантиришга қаратилди. Дастур доирасида иштирокчилар “Стартап йўли” номли қисқа метражли фильмни томоша қилишди. Шунингдек, Workshop машғулотлари орқали стартаплар олами, янги ғояларни ривожлантириш ва уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш имкониятига эга бўлишди.

Кечанинг энг қизиқарли қисмларидан бири иштирокчиларга муайян муаммони ҳал қилиш бўйича ўз таклифларини билдириш вазифаси берилган интерфаол шарт бўлди. Бунда ҳар бир иштирокчига ўз ғоясини қисқа ва аниқ ифодалаш учун бир дақиқа вақт ажратилди. Иштирокчиларнинг креатив ёндашуви, фаол фикрлаши ва муаммога ноодатий ечим таклиф этиш қобилияти синовдан ўтказилди.

Энг яхши креатив ечимлар муаллифлари институт ректорати томонидан моддий рағбатлантирилди.
“Founders Night” талаба-ёшлар учун янги билим ва тажриба орттириш билан бирга, ҳамфикрлар билан танишиш, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва келажакдаги стартап лойиҳалари учун янги ғоялар олиш майдонига айланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири