Парижда Ўзбекистоннинг буюк маънавий ва илмий мероси намойиш этилди
Ўзбекистоннинг бой тарихи, буюк алломалари қолдирган бебаҳо илмий мерос ва халқимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ана шу эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилаётган йирик илмий-маърифий маскандир. Марказ фаолиятини халқаро ҳамжамиятга танитиш, унинг илмий ва маданий имкониятларини дунёнинг етакчи ташкилотлари ҳамда нуфузли тадқиқот муассасалари билан боғлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 7–8 октябрь кунлари Франция пойтахти Парижда ташкил этилган халқаро тадбирлар ҳам ушбу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди. Икки кун давомида ЮНЕСКО Бош қароргоҳи, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси, шунингдек, мамлакатнинг етакчи илмий ва маданий муассасаларида ўтказилган мулоқотларда юртимиз цивилизацияси мероси, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги тарихий алоқалар, илм-фан ҳамда маданий ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
ЮНЕСКО минбарида...
ЮНЕСКОнинг Париждаги Бош қароргоҳида 7 октябрь куни “Ислом цивилизацияси: Мовароуннаҳрнинг буюк маънавий ва илмий мероси ҳамда маърифат уфқлари” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унинг доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг махсус тақдимоти ҳам ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, ЮНЕСКОнинг Бош қароргоҳи жойлашган Париж жаҳон илм-фани, санъати ва маданиятининг қадимий марказларидан биридир. Икки минг йилдан ортиқ тарихга эга бу шаҳарда Лувр музейи, Сорбонна университети, Франция Миллий кутубхонаси сингари нуфузли муассасалар фаолият кўрсатади. Ташкил этилган анжуманда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Анжуманнинг асосий мавзуси Ўзбекистон ҳудудида шаклланган буюк илмий мактаблар, мусулмон Шарқининг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ҳамда бу меросни ўрганиш ва тарғиб этишнинг замонавий усуллари билан боғлиқ бўлди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган тақдимот ва видеоматериаллар хорижлик иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Зеро, ушбу мажмуа анъанавий музей тушунчасидан анча кенг вазифаларни бажаради. Унда исломдан аввалги давр цивилизацияларидан бошлаб, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, буюк мутафаккирлар фаолияти, қўлёзмалар мероси, давлатчилик, илм-фан ва санъат тарихи яхлит илмий концепция асосида намоён этилади.
Маданий мерос – ўзаро мулоқот асоси
ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ўтган анжуманда сўзга чиққан халқаро ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистонда маданий меросни асраш ва илм-фанни ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратдилар.

Жумладан, ICESCO бош директори Салим ал-Малик ислом цивилизацияси тинчлик, биродарлик, маданият ва илм-фан қадриятларига асосланганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, маданий мерос халқлар, авлодлар ва цивилизациялар ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлайдиган муҳим кўприкдир. Илм-фан ҳамда таълим соҳасидаги ҳамкорлик эса турли жамиятларни бир-бирига яқинлаштиради. Салим ал-Малик Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу борада амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.
IRCICA бош директори, профессор Маҳмуд Эрол Қилич “Маънавий мерос, тафаккур уйғониши ва замонавий тараққиёт” мавзусидаги маърузасида цивилизациялар тарихини ўрганишда кенг қамровли илмий ёндашув зарурлигига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, инсоният тараққиёти биргина халқ ёки минтақа тарихи билан чекланмайди. Турли цивилизациялар ўртасидаги ўзаро таъсир, илмий ғоялар ва маънавий қадриятлар алмашинуви жаҳон маданиятининг шаклланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган.
Анжуманда Италиянинг Милан Дизайн университети профессори Марио Таддеи томонидан билдирилган илмий мулоҳазалар ҳам иштирокчилар эътиборини тортди. Олим Хоразмий, Ибн Сино, Беруний каби буюк алломаларнинг илмий мероси Европа Уйғониш даври тафаккурига, хусусан, Леонардо да Винчи фаолиятига кўрсатган таъсири ҳақида сўз юритди. Бу каби илмий ёндашувлар Мовароуннаҳрда шаклланган интеллектуал муҳитнинг жаҳон илм-фани тараққиётида нақадар муҳим ўрин тутганини яна бир бор кўрсатади.
Маълумки, Хоразмийнинг математика соҳасидаги тадқиқотлари, Берунийнинг қомусий илмий мероси, Ибн Синонинг тиббиёт ва фалсафага оид асарлари асрлар давомида Шарқ ва Ғарб илм-фани ривожига хизмат қилган. Шу боис буюк аждодларимиз меросини халқаро илмий майдонларда кенг тарғиб этиш тарихий ҳақиқатни тиклаш, ёш авлодни илм-фанга қизиқтириш ва турли халқлар ўртасидаги маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам долзарбдир.
Амир Темур мероси француз олимлари диққат марказида
Париждаги тадбирларнинг иккинчи куни – 8 октябрда Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонасида Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро илмий анжуман ташкил этилди.
Маълумки, XIV аср охири – XV аср бошларида Амир Темур давлати Европа мамлакатлари билан дипломатик муносабатлар ўрнатган. Хусусан, Соҳибқирон Амир Темур ва Франция қироли Карл VI ўртасидаги ёзишмалар ўша давр халқаро алоқаларининг муҳим тарихий манбалари ҳисобланади. Ушбу мактублар бундан олти асрдан зиёд вақт муқаддам ҳам Мовароуннаҳр ва Ғарбий Европа ўртасида сиёсий ҳамда дипломатик мулоқот мавжуд бўлганидан далолат беради. Бугун мазкур муносабатлар илм-фан, тарих, маданият ва маънавий мерос соҳаларида янги мазмун билан бойиб бормоқда. Анжуманда Фирдавс Абдухолиқов “Амир Темур ва темурийлар ренессанси: Шарқ ва Ғарбни боғлаган буюк тарихий мерос” мавзусида маъруза қилди.

Дарҳақиқат, темурийлар даври Марказий Осиё тарихида улкан маданий юксалиш босқичидир. Бу даврда Самарқанд ва Ҳирот йирик илмий-маданий марказларга айланди. Улуғбек расадхонаси, Алишер Навоий ижоди, Камолиддин Беҳзод миниатюра мактаби, меъморчилик ва китобат санъати ютуқлари ушбу юксалишнинг ёрқин ифодасидир.
Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида мазкур меросни чуқур ўрганиш, унинг жаҳон тамаддуни тараққиётидаги ўрнини илмий асосда ёритишга катта эътибор берилмоқда. Францияда темурийлар тарихини тадқиқ этишнинг ўзига хос илмий анъаналари мавжудлиги ҳам мазкур анжуман давомида яққол намоён бўлди.
Жумладан, Темурийлар санъати ва тарихи ассоциацияси президенти Фредерик Бопертюи-Брессан Амир Темурнинг санъат ва маданият ҳомийси сифатидаги фаолиятига бағишланган маъруза билан иштирок этди. Олим ўтган асрнинг саксонинчи йилларидан буён темурийлар тарихи ва санъатини тадқиқ этиш ҳамда оммалаштириш билан шуғулланиб келмоқда. Унинг фаолияти билан боғлиқ “Темурийлар” журнали Франция илмий жамоатчилигида ушбу давр меросига қизиқишни кучайтиришга хизмат қилган.
Париждаги Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институти – INALCO профессори Катрин Пужоль испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг Самарқандга сафари ва унинг машҳур сафарномаси хусусида маъруза қилди.
Клавихонинг XV аср бошларида Амир Темур саройига ташрифи давомида қайд этган кузатувлари бугун ҳам темурийлар даври тарихи, сарой маросимлари, Самарқанднинг шаҳарсозлик қиёфаси ва ўша давр ижтимоий ҳаётини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади.
Коллеж де Франс профессори, таниқли археолог Франц Грене Амир Темурнинг Хитой билан муносабатлари ва ҳарбий юриш режаларига оид тарихий манбалар асосида ўз қарашларини баён қилди. Санъатшунос ва тадқиқотчи Шарора Солиҳий темурийлар даври маданий муҳити, Алишер Навоий шеърияти ва унинг ижод аҳлига ҳомийлик фаолиятига эътибор қаратди. “Ал-Фурқон” ислом мероси жамғармаси ижрочи директори Сали Шаҳсивари эса темурийлар даврининг илм-фан ва маърифат ривожидаги ўрни ҳақида фикр билдирди. Шу тариқа, анжуманда Амир Темур ва темурийлар меросига тарих, шарқшунослик, санъатшунослик, дипломатия ва манбашунослик нуқтаи назаридан ёндашилди.
Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро анжуман доирасида “Темурийларнинг буюк мероси: Марказий Осиё санъати, илм-фани ва маданияти” номли кўргазма ҳам ташкил этилди. Экспозицияда темурийлар даври меъморчилиги, бадиий маданияти, китобат санъати, илм-фан ва маърифат анъаналарига оид материаллар намойиш қилинди. Айниқса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари томонидан тайёрланган илмий ҳамда илмий-оммабоп нашрлар хорижлик меҳмонларда қизиқиш уйғотди.
Франция Миллий кутубхонасидаги хазина
Париж сафари давомида алоҳида аҳамиятга эга бўлган учрашувлардан бири Франция Миллий кутубхонасида ўтказилган мулоқот бўлди. Кутубхонанинг Шарқ қўлёзмалари тўплами XVII асрдан бошлаб мунтазам бойитиб борилган. Айниқса, Франция қироли Людовик XIV даврида араб, форс, туркий ва бошқа шарқ тилларидаги асарларни тўплашга катта эътибор қаратилган.
Эътиборлиси, мазкур хазинада Ўзбекистон тарихи, мумтоз адабиёти ва илмий тафаккурига оид бебаҳо қўлёзмалар ҳам мавжуд. Хусусан, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ҳайдар Хоразмий каби буюк аждодларимиз асарларининг қўлёзма нусхалари ушбу фондларда сақланади. Учрашув чоғида кутубхонада эски ўзбек тилидаги 150 дан ортиқ қўлёзма мавжудлиги ҳақида маълумот берилди. Кутубхонанинг Шарқ қўлёзмалари бўйича мутахассиси, бўлим раҳбари Лоран Эрише билан бўлиб ўтган мулоқотда мазкур фондларни ўрганиш, илмий тавсифлаш ва қўшма тадқиқотлар олиб бориш истиқболлари муҳокама қилинди. Учрашувда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган китоблар француз мутахассисларига тақдим этилди.
Лувр музейи ва Париж Ислом институтидаги мулоқотлар
Ўзбекистон делегацияси Францияга ташрифи доирасида жаҳоннинг энг машҳур музейларидан бири – Луврда ҳам бўлди. Лувр музейи инсониятнинг турли даврлари ва цивилизацияларига мансуб бадиий ҳамда тарихий меросни ўзида мужассам этган йирик маданий маскандир. Унинг экспозицияларида Қадимги Миср, Юнонистон, Рим, Шарқ мамлакатлари ва бошқа цивилизацияларга оид санъат намуналари намойиш этилган.
Париж сафари давомидаги яна бир муҳим учрашув Париж катта масжиди – Grande Mosquée de Paris ҳузуридаги Ислом институтида ташкил этилди. 1926 йилда очилган мазкур мажмуа Франция мусулмонлари ҳаётида муҳим ўрин тутади. Мажмуа меъморчилигида Шарқ бадиий анъаналари ва Париж шаҳарсозлик муҳитининг ўзига хос уйғунлиги намоён бўлади. Муассаса ректори Шамсиддин Ҳофиз Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда тарихий-маданий меросни асраш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва маърифатни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.
Дарҳақиқат, бугун Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояси ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Ушбу жараёнда тарихий хотирани тиклаш, илм-фанни қўллаб-қувватлаш, жаҳоннинг илғор илмий марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳим ўрин тутади.

– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш билан бирга, мамлакатимизнинг бой маънавий мероси, буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссасини ЮНЕСКО, БМТ каби нуфузли халқаро ташкилотлар минбарларида, дунёнинг етакчи давлатларида кенг тарғиб қилиш ғояси ҳам бевосита Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган, – деди Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов. – Дарҳақиқат, мазкур ташаббуснинг амалий самараларини бугун халқаро илмий-маданий мулоқотлар мисолида кўриб турибмиз. Бундан олти асрдан зиёд вақт муқаддам Амир Темур ва Франция қироли Карл VI ўртасида дипломатик мактублар алмашилган бўлса, бугун Тошкент ва Парижни қўшма тадқиқотлар, илмий анжуманлар, музейлар, қўлёзмалар ва маданий-маърифий лойиҳалар боғламоқда. Тарихий алоқаларнинг бундай янги мазмун касб этиши Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиши, Шарқ ва Ғарб илмий мактаблари ўртасидаги ҳамкорликнинг кенгайишига хизмат қилади.
Демак, олдимизда турган вазифа – аждодларимиз қолдирган бебаҳо илмий-маънавий хазинани чуқур тадқиқ этиш, уни жаҳон илм-фанининг узвий қисми сифатида намоён қилиш ва замонавий тараққиёт эҳтиёжларига хизмат қилдиришдан иборат.
Рустам ЖАББОРОВ,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси
маркази илмий котиби.
ЎзА