Спорт хабарлари
Механик эшкак эшиш: Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳрида механик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон кубогининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда соҳа мутасаддилари иштирок этди. Мусобақада мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларидан энг кучли спортчилар қатнашмоқда.
***

Стол тенниси: Ўзбекистон кубогида ярим финал баҳслари бошланди. Тошкент шаҳри ва Фарғона вилояти жамоалари ўртасидаги учрашувлар юқори савияда кечмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент вилояти жамоалари баҳслари ҳам мухлислар эътиборида.
***
Қишки Олимпияда: Ўзбекистон Миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Неаполь шаҳрида Олимпия машъаласини ёқди. Айни пайтда Олимпиада машъаласи Италия бўйлаб олиб ўтилмоқда. Уни Неапольдан олиб ўтиш Фабио Каннаварога топширилди.

***
Самбо: Халқаро самбо ассоциацияси (FIAS) эълон қилган рейтингга кўра, –88 кг. вазн тоифасида ҳамюртимиз Соҳибжон Ҳасанбоев 2024-2025 йиллар натижалари асосида биринчи ўринни эгаллади.
***
Оғир атлетика: Зиёда Худойқулова “10th Qatar Weightlifting Cup” халқаро турнирида –63 кг. вазн тоифасида икки курашда 200 кг. натижа билан бронза медалига сазовор бўлди. Терма жамоамизнинг мусобақадаги жами медаллари сони 11 тага етди.
***
Футбол: Африка кубогининг дастлабки ўйинларида Сенегал Ботсванани 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Шунингдек, Тунис Угандани 2:1, Нигерия эса Танзанияни 3:2 ҳисобида енгди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА