Спорт таълимидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди
Спорт вазирлигида ёш олимлар ва тадқиқотчилар иштирокида спорт соҳасидаги илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, спорт натижаларини таҳлил қилиш ҳамда илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети раҳбарияти, магистрантлар, докторантлар ва илмий тадқиқот муассасалари вакиллари қатнашган учрашувда спорт натижаларини илмий таҳлил қилиш, истиқболли спортчиларни саралаш, замонавий технологияларни машғулот жараёнларига киритиш ҳамда ёш тадқиқотчиларнинг илмий салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда мамлакатимиз жисмоний тарбия ва спорт соҳаси илмий салоҳиятини юксалтириш, профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятида натижадорликни ошириш, янги ишланма ва технологияларни жорий этиш орқали халқаро рейтинглардан муносиб ўрин эгаллаш устувор вазифа экани таъкидланди

Спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Муқум Арзиқулов, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримов мамлакатимизда спорт таълимини халқаро илғор тажрибалар билан боғлаш, рақамлаштириш истиқболлари, хорижий спорт таълим муассасалари билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, илмий ёндашувларнинг аҳамияти, ечимини кутиб турган масалалар хусусида сўз юритишди.

Муҳокамалар жараёнида халқаро илмий нашрларда, жумладан, “Scopus” базасидаги индексланувчи журналларда Ўзбекистон спортидаги ўзгаришлар, олиб борилаётган ўзига хос тадқиқотлар, янгича ёндашув асослари хусусида таҳлилий чиқишларни амалга ошириш лозимлиги айтиб ўтилди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Спорт биомеханикаси лабораторияси мудири Сойиб Тожибоев профессионал боксчилар мисолида олиб борилган инновацион тадқиқотлар ва уларнинг амалий аҳамияти ҳақида чиқиш қилиб, айни изланишларга спорт турлари бўйича мураббийлар, селекционерларни жалб қилиш зарурлигини билдирди.
Йиғилиш якунида илмий тадқиқотлар натижаларини спорт амалиётига татбиқ этиш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ва илм-фан ҳамда спорт интеграциясини ривожлантириш муҳимлиги билдирилиб, спорт таълимининг ҳар бир йўналишидаги масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА