Кураш: Тошкентда ўтган I жаҳон ҳарбий челленж мусобақаси эътироф этилди
Халқаро ҳарбий спорт кенгаши (CISM) жорий йилнинг сентябрь ойида Тошкентдаги “Олимпия шаҳарчаси”да кураш бўйича ўтказилган I жаҳон ҳарбий челленж мусобақасининг юқори савияда ташкил этилганлигига юқори баҳо берди.
CISM бош котиби, ҳарбий-денгиз флоти капитани Роберто Речхаиа Халқаро кураш ассоциациясига йўллаган мактубида Ўзбекистонда спорт ҳаракати жадал ривожланаётганлиги, хусусан кураш спорт турининг ҳарбий спортчилар ўртасидаги ўрнини эътироф этиб, тарихий аҳамияти, мусобақага тайёргарлик ва ўтказилиши жараёнида Ўзбекистон томонидан намоён этилган профессионал ёндашув, техник талабларга қатъий риоя қилинганлиги, ҳамда ташкилотлар ўртасидаги конструктив ҳамкорлик юқори бўлганлиги айтиб ўтилди.
Тошкентдаги илк “CISM World Military Kurash Challenge” мусобақасининг муваффақиятли ўтказилиши курашнинг халқаро ҳарбий спорт ҳаракатидаги мавқеини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлганлигини таъкидлади.
Тошкентда орттирилган тажриба келгусида CISM тизимидаги ҳарбий спортчилар ўртасида курашни янада кенг тарғиб қилиш ва янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун муҳим асос бўлишини қайд этди.
Т. Рўзиев, ЎзА