Спорт синовида юқори натижаларга эришган талабалар тақдирланди
Андижон давлат педагогика институтида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларида юқори натижаларга эришган талабаларни тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Институт профессор-ўқитувчилари, спорт бошқармаси мутасаддилари ҳамда талаба ёшлар иштирок этган тадбир очилишида сўз олганлар томонидан юртимизда аҳолининг, айниқса, ўқувчи ва талаба ёшларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, спорт билан шуғулланиши, жисмоний имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини янада юксалтириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини оммалаштириш мақсадида турли ёшдаги фуқаролар ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари ўтказиб келинмоқда.


Мазкур спорт синовлари жорий йилнинг май – июнь ойларида Андижон вилоятидаги барча олий ўқув юртлари талабалари ўртасида юқори кўтаринкилик билан ўтказилган эди. Жумладан, Андижон давлат педагогика институтида ўтказилган спорт синовларининг махсус ва ихтиёрий талаблари бўйича юқори натижаларни қайд этган талабалар алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда спорт синовларининг махсус талаблар бўйича юқори натижаларга эришган бир гуруҳ талабалар Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг I, II ва III даражали “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўкрак нишонлари, тегишли гувоҳнома ҳамда спорт формалари билан тақдирланди.
Бу каби тақдирлаш тадбирлари вилоятдаги барча олий ўқув юртларида ўтказилди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири