"Сўз" лойиҳасининг навбатдаги тадбири “Мегаполисдан Ҳимолай чўққисигача” китобига бағишланди
Пойтахтимизда атоқли ижодкор Эшқобил Шукурнинг “Мегаполисдан Ҳимолай чўққисигача” китоби тақдимоти ўтказилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ўтган йиллардан бери “Сўз” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бунда адабиёт, китобхонликка оид янги ташаббуслар илгари сурилмоқда. “Сўз” лойиҳасининг шу вақтгача 3 та театрлаштирилган шеърий-концерт дастурлари томошабинлар эътиборига ҳавола қилинган эди.

Навбатдаги маърифий кеча Эшқобил Шукурнинг “Мегаполисдан Ҳимолай чўққисигача” китоб тақдимотига бағишланди. Бу рамзий ном замирида оддий деҳқондан тортиб, юксак манзилларда бутун башарият тақдирини ҳал қилишга даъво қилаётган кишиларнинг ҳаёт йўли ҳам, гулга қўл узатаётган мурғак гўдакнинг тилидан учаётган сўзларию улуғ донишманднинг ҳикматларигача жам бўлган қадрият, ўзлик масалалари ёритилган.

Бугунги қалтис глобаллашув даврида, шаҳарлашув, оммавий маданиятлар замонида маънавий мезонларни тўғри белгилашда мазкур асар ўзига хос аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Шу боис тақдимот кенг кўламли театр, куй, адабиёт бирлашуви кўринишида креатив усулда ўтказилди. Унда ёшлар, адабиётшунослар, зиёлилар иштирок этди.
Тақдимот тадбирида Эшқобил Шукурнинг янги асари хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова,
ЎзА