Жадидларнинг хайрия жамиятлари: "Жамияти Имдодия" (+видео)
Жадидлар тузган хайрия жамиятлари, уюшма ва ташкилотларининг асосий йўналиши мустамлака шароитида Туркистон аҳолисининг меҳнат ҳуқуқини, жамиятнинг турли қатламлари: деҳқонлар, чорвадорлар, ҳунармандлар, савдогарлар ва ҳоказоларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳам бўлган.
Жадидлар Туркистон аҳолисини ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишга ўргатишдан ташқари хайрия жамиятлари ташкил қилганларини таъкидлаш жоиз. Бу жамиятларнинг асосий йўналишларидан бири инсон қадри учун кураш бўлганини унутмаслигимиз лозим. 1909 йил Мунавварқори Абдурашидхонов тошкентлик бойлар Саидкаримбой Саидазимбой ўғли, Комилбек Норбеков ва Каримбек Норбеков кабилар ҳомийлигида 1909 йил 15 июлда мақсади “ўзбек халқининг билим билан оқартириш, етим ёки ота-онаси йўқсил бўлған болаларни ўқиттиришдан иборат бўлган “Жамияти имдодия”ни (“Ёрдам”) тузади. Унинг 41 банддан иборат низоми ҳам тасдиқланади. Жамиятга Саидкаримбой Саидазимбой ўғли раис, Мунавварқори Абдурашидхонов раис ўринбосари этиб тайинланган. Башируллахон Асадуллохўжа ўғли, Абдулла Авлоний, Низомқори мулла Ҳусайн ўғли ва Тошхўжаҳожи Туёқбой ўғли жамият аъзолари бўлган.
“Жамияти имдодия” аъзоларнинг аниқ белгиланган ойлик ва йиллик бадаллари, ҳомийликлари асосида фаолият юритган. Ушбу жамият амалга оширган муҳим ишлардан бири камбағалхона ва ногиронлар уйи очгани бўлган. Камбағалхонадан уйсиз, ишсиз қолганлар фойдаланиши мумкин бўлган. Бир вақтнинг ўзида 10 кишини қабул қилиш, уларга ижтимоий ёрдам бериш имкониятига эга бўлган. Камбағалхона ночор аҳволда қолган кишиларни кийим-кечак ва озиқ-овқат билан таъминлашдан ташқари иш топишларига ҳам кўмаклашган. Бу ишларнинг бошида Мунаварқори Абдурашидхонов турган.
Жамият аҳолининг камбағал қатламига хусусий шифохоналардан фойдаланишлари учун ҳам шароит қилиб берган. Жамият маблағлари ҳисобидан шифохона харажатлари қопланган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4CFnq60_bGs" title="Jamiyati Imdodiya" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА