“Сўз деҳқони эди...”
Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Гулистон давлат педагогика институти ҳамкорлигида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир ва жамоат арбоби Саъдулла Ҳаким таваллудининг 75 йиллигига бағишланган “Сўз деҳқони эди...” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Саъдулла Ҳаким ҳақида гап кетганда, оддий бир шоир ёки журналист ҳақида эмас, балки ўзбек сўз санъатининг фидойиларидан бири — ҳақиқий “сўз деҳқони” ҳақида фикр юритилади. Шоир 1951 йил 25 мартда Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Гараша қишлоғида туғилиб, шу табиат ва муҳитдан илҳом олган ҳолда бутун умрини ижодга бағишлади.

Айниқса, шоир “Ҳамал тонглари”, “Сен кутган баҳор”, “Ёз оқшоми”, “Она сўз”, “Кўнгил юзи” каби шеърий тўпламлари орқали инсон қалбининг энг нозик торларини черта олган ижодкор сифатида танилди. Саъдулла Ҳаким шеърларида соддалик, самимият ва, энг муҳими, ҳақиқат мужассам. Шу боис унинг ижоди ўқувчини ўйлатади, ҳиссиётга чорлайди.
Саъдулла Ҳаким таржимон сифатида Иоганн Вольфганг фон Гёте, Александр Пушкин, Михаил Лермонтов, Сергей Есенин, Юнус Эмро каби жаҳон адабиёти намояндаларини ўзбек китобхонлари учун яқинлаштирди. Бу унинг фақат ижодкор эмас, балки маданиятлар ўртасида кўприк бўла олган маърифатпарвар шахс эканини кўрсатади.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи, шоир Шуҳрат Ориф, “Тонг юлдузи” газетаси бош муҳаррири, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Феруза Адилова, “Ғунча” журнали бош муҳаррири Дилфуза Шомаликова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Халқаро Аҳмад Яссавий мукофоти лауреати Бахтиёр Холхўжаев, “Заковат” интеллектуал клуби магистри, суд-тиббий эксперт Бобур Ёқубов, шунингдек, шоирнинг рафиқаси ва оила аъзолари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда уюшманинг ҳудудий вакиллари қатнашди.

Тадбирни институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори Азиз Қаландаров олиб борди. Унда сўзга чиққан Шуҳрат Ориф устознинг самимийлиги, тўғрисўзлиги ва ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашдаги ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, келгусида шоир хотирасини абадийлаштириш мақсадида Гулистон билан бир қаторда пойтахтда ва Жиззах вилоятида ҳам шундай тадбирларни ташкил этиш режалаштирилаётгани маълум қилди.
Феруза Адилова ўз чиқишида устоз билан боғлиқ хотираларини ўртоқлашиб, унинг виждонан иш тутиши, ҳақиқатни очиқ айтиши каби инсоний фазилатларини алоҳида эътироф этди.

Тадбирда сўзга чиққан Дилфуза Шомаликова, Бобур Ёқубов, шоирнинг рафиқаси, шунингдек,Гулистон давлат университети профессори Равшанбек Маҳмудов ва бошқалар Саъдулла Ҳаким ижодининг мазмун-моҳияти, маънавий ва тарбиявий аҳамияти ҳақида фикр юритдилар. Устоз қаламига мансуб асарлар инсон қалбига яқинлиги, ҳаётийлиги ва фалсафий чуқурлиги билан алоҳида қадрланиши таъкидланди.
Айниқса, бир савол тадбир иштирокчиларини чуқур ўйга солди. Бугун биз Саъдулла Ҳаким қолдирган маънавий меросни қанчалик англаяпмиз? Унинг сўзга садоқати ва ҳақиқатга бўлган қатъияти биз учун қай даражада ибрат?
Талабалар томонидан намойиш этилган шеърий композиция ва Бахтиёр Холхўжаев ижросидаги қўшиқлар ана шу саволларга бадиий жавоб бўлди. Сўз ва куй уйғунлигида устознинг ижоди ва ғоялари қалбларга янада яқинлашди.
Шу маънода, “Сўз деҳқони эди...” тадбири нафақат хотира кечаси, балки чуқур маънавий хулоса чиқаришга ундайдиган маърифат дарсига айланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири