Соҳибқирон мероси тарғиботи
Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан юртимиз бўйлаб маънавий-маърифий тадбирлар кенг нишонланмоқда.
Шу муносабат билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилояти бўлими томонидан ҳудудларда кенг қамровли маънавий тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, вилоят маҳаллаларига жами минг дона китоб тарқатилиб, Шаҳрисабз тумани “Мираки” МФЙ, Шаҳрисабз шаҳри “Намозгоҳ” МФЙ ҳамда Яккабоғ тумани “Хўжаилғор” МФЙда маънавий-маърифий учрашувлар ўтказилди.

Тадбирлар давомида Амир Темурнинг бой маънавий мероси, давлатчилик анъаналари ва илм-фан тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида атрофлича сўз юритилди. Шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб этиш мақсадида ҳар бир ҳудудда юзтадан китоб тақдим этилди.

Таъкидланганидек, бундай маънавий-маърифий тадбирлар ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат ва китобсеварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири