Оролбўйида сув-ботқоқ ерларни тиклаш: устувор йўналишлар ва амалий қадамлар муҳокамада
Пойтахтимизда Орол денгизи ҳавзасидаги кўллар, сув-ботқоқ ерлар ва қирғоқ экотизимларини сақлаш ҳамда барқарор бошқаришга қаратилган қўшма лойиҳа йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур лойиҳа Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Глобал экологик фонд кўмагида амалга оширилмоқда.
Йиғилишда иштирокчилар томонидан 2026 йилнинг I чораги якунлари сарҳисоб қилинди.
Деградацияга учраган ерларда саксовул экиш ишлари бошланиб, бу чора чўлланишга қарши курашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, 757 минг гектардан ортиқ майдонни қамраб олган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқаришни такомиллаштириш, биохилма-хилликни асраш ҳамда ер деградациясининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда сўзга чиққан Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков лойиҳа амалда аниқ натижалар бера бошлаганини таъкидлаб, маҳаллий аҳоли ва фермерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида микро-грантлар дастурини ишга тушириш муҳим қадам эканини қайд этди.

Асосий устувор йўналишлар қаторига микро-грантлар механизмларини жорий этиш, ecodata.uz рақамли платформасини ривожлантириш ҳамда режалаштирилган тадбирларни жадаллаштириш киритилди. Ушбу ташаббуслар табиий ресурслардан барқарор фойдаланишни таъминлаб, ижтимоий-иқтисодий самарадорликка эришишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Лойиҳа доирасида мутахассислар салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, ўқув машғулотлари ташкил этилиб, замонавий рақамли мониторинг воситалари жорий этилмоқда ҳамда аҳолининг экологик хабардорлиги оширилмоқда.

Шу билан бирга, сув ресурсларини бошқаришда илмий ёндашувнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Қарорлар самарадорлигини ошириш мақсадида сув-ботқоқ ерлар ҳолатини моделлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Йиғилиш иштирокчилари ҳамкорликни янада кенгайтириш ва халқаро экологик тадбирларда фаол иштирок этиш зарурлигини қайд этди. Жумладан, “Eco Expo Central Asia-2026” ҳамда GEFнинг 8-Ассамблеясида иштирок этиш режалаштирилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА