“Сўғдиёна” яна очко йўқотди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 8-турида Зоминда кечган “Сўғдиёна” – “Бунёдкор” учрашуви нафақат драматик сценарийси, балки жиддий хулосалар талаб қиладиган ўйин сифатида ёдда қолди. 2:0 ҳисобида олдинда бораётган жамоанинг якунда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлиши оддий ҳол эмас, балки тизимли муаммолардан дарак.
Ўйиннинг илк дақиқалариданоқ “Сўғдиёна” устунликни қўлга олди. Люпчо Дориев 4-дақиқада ҳисобни очди, 26-дақиқада эса дубль қайд этиб, 2:0 устунликни таъминлади. Барчаси мезбонлар назоратида эди. Аммо айнан шу пайтдан бошлаб жамоа ўйинни эмас, ҳисобни “ушлаш"га ўтди. Натижада ҳимояда парокандалик, марказда назорат йўқолиши ва, энг муҳими, руҳий барқарорлик етишмаслиги юзага чиқди.

38-дақиқада Билолхон Тошмирзаев ҳисобни қисқартирди — 2:1. Бу гол шунчаки эпизод эмас, балки бурилиш нуқтаси бўлди. Чунки “Сўғдиёна” учун бундай сценарий янгилик эмас: жамоа олдинда бора туриб, ўйинни назоратдан чиқаришни одат қилиб бўлган.
Иккинчи бўлимда муаммолар янада очиқ кўринди. 50-дақиқадаги жарима зарбасидан ўтказиб юборилган гол — нафақат дарвозабон, балки умумий ҳимоявий ташкилотчилик муаммоси натижаси. 2:2 дан кейин эса жамоа парчаланди: тактик мувозанат йўқолди, интизом пасайди, қарорлар шошма-шошарлик билан қабул қилинди.

Шунга қарамай, “Сўғдиёна”да имкониятлар етарли эди. Фейсал Мулич камида учта аниқ вазиятни кўкка совурди. Отабек Жўрақўзиев, Люпчо Дориев ва Ислом Қобилов ҳам ўз имкониятларидан фойдалана олмади. Бу эса ўйиннинг ҳал қилувчи жиҳатига айланди. Футболдаги оддий ҳақиқат яна исботланди: сен урмасанг, сенга уришади.
“Бунёдкор” эса айнан шу пайтда характер кўрсатди. Меҳмонлар тўп назоратини оширди, темпни пасайтириб, рақибни тўпсиз югуртирди ва керакли пайтда тезлашди. 69-дақиқадаги гол айнан шу тактиканинг самараси. Билолхон Тошмирзаев хет-трикни расмийлаштириб, ўйин қаҳрамонига айланди. Бу нафақат индивидуал маҳорат, балки рақиб заифликларидан тўғри фойдаланиш намунаси бўлди.

Энг ташвишлиси" бу ҳолат биринчи марта эмас. Самарқандда “Динамо”га қарши ўйинда 1:0 устунлик 1:2 мағлубиятга айланди. Қўқонда 2:0 ҳисобида олдинда бориб, 2:2 дуранг қайд этилди. Ва мана Зоминда яна шу сценарий: 2:0 ва якунда 2:3. Бу аллақачон тасодиф эмас, тенденция.
Ўйиндан кейин Улуғбек Бақоев мағлубиятни “руҳий зарба” деб баҳолади. Аммо масала бундан чуқурроқ. Муаммо — ўйинни бошқаришда, устунликни сақлашда ва босим остида тўғри қарор қабул қилишда. Жамоа ҳали бу босқичга чиқмаган.
Суперлигада ҳар бир очко қиммат. “Сўғдиёна” эса уларни қўлга киритиш ўрнига, тайёр ғалабани йўқотмоқда. Агар бу муаммолар тез орада ҳал этилмаса, бундай мағлубиятлар одатий ҳолга айланиб, жамоани янада қуйига тортиши мумкин.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири