Қорақир сув ҳавзасида ноқонуний ов
Бухоро вилоятида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни асраш ҳамда табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш борасида назорат тадбирлари изчил давом этмоқда. Ана шундай навбатдаги экологик назорат рейд Пешку тумани ҳудудида жойлашган Қорақир табиий сув ҳавзасида ўтказилди.
Рейд давомида Қоракўл туманида яшовчи уч нафар фуқаро томонидан тўрлар ёрдамида ноқонуний балиқ овлаш ҳолати аниқланди. Текширув жараёнида улар томонидан жами 342 дона зоғора балиқ, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган икки дона Туркистон мўйловдори балиғи овлангани маълум бўлди. Шунингдек, уч дона кулранг ғоз тухуми ҳам борлиги қайд этилди.
Мазкур ҳолат юзасидан қонунчиликка мувофиқ тартибда барча биологик ресурслар экспертизага юборилди. Мутахассислар томонидан тақдим этилган хулосага кўра, ушбу ноқонуний ҳаракатлар оқибатида табиатга етказилган зарар миқдори 717 миллион сўмни ташкил этган.

Ҳуқуқбузарликка доир далилий ашё сифатида 344 дона балиқ ҳамда тақиқланган ов воситалари олиб қўйилди. Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат бўйича тегишли идораларга бирламчи ҳужжатлар тақдим этилган бўлиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиий сув ҳавзаларида ноқонуний ов қилиш нафақат ҳайвонот дунёсига, балки бутун экотизим мувозанатига жиддий зарар етказади. Айниқса, Қизил китобга киритилган турларнинг йўқ қилиниши уларнинг келажак авлод учун сақланиб қолишига хавф туғдиради.
Табиатни асраш ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади. Экологик қонунбузарликларга қарши курашиш, табиий бойликларни муҳофаза қилиш ва келажак авлодга соғлом муҳит қолдириш барчамизнинг умумий масъулиятимиздир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.