Сирдарёда “Мард ўғлон”лар сараланди
Сирдарё вилоятида ёшлар салоҳиятини юксалтириш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва фаоллигини оширишга қаратилган муҳим ташаббуслардан бири — “Мард ўғлон” давлат мукофоти учун ҳудудий саралаш босқичи юқори савияда ташкил этилди. Вилоят Ёшлар марказида бўлиб ўтган мазкур танлов нафақат иқтидорли йигитларни аниқлаш, балки уларнинг келгусидаги ривожи учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилди.
Жорий йилги вилоят босқичида ҳудуднинг барча шаҳар ва туманларидан саралаб олинган 31 нафар фаол ва иқтидорли ёш иштирок этди. Улар фан ва таълим, тиббиёт, маданият ва санъат, адабиёт, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида эришган ютуқлари билан ўз салоҳиятини намоён этдилар.
Саралаш жараёни очиқлик ва адолат тамойиллари асосида ташкил этилди. Мутахассислардан иборат комиссия томонидан номзодларнинг билим даражаси, ижтимоий фаоллиги, ташаббускорлиги ва етакчилик қобилияти атрофлича баҳоланди. Айниқса, ўз тенгдошларига ибрат бўлаётган, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган ёшлар алоҳида эътибор марказида бўлди.
– “Мард ўғлон” давлат мукофоти сирдарёлик ёшлар учун юксак эътироф тимсоли ҳисобланади. “У нафақат ёшларни рағбатлантиради, балки уларни янги ютуқларга илҳомлантиради, Ватанга садоқат, фидойилик ва масъулият каби фазилатларни мустаҳкамлайди. Бугунги кунда вилоятда ана шундай ташаббускор ва интилишли ёшлар сафининг кенгайиб бораётгани, улар учун яратилаётган имкониятлар самарасини яққол намоён этмоқда, – дейди Ёшлар ишлари бошқармаси масъул ходими Мирасатулло Мирикромов.
Бугунги кунда вилоятда ана шундай ташаббускор ва интилувчан ёшлар сафининг кенгайиб бораётгани, улар учун яратилаётган имкониятлар самарасини яққол намоён этмоқда. “Мард ўғлон” давлат мукофоти эса бу борада ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг муҳим воситаларидан бири сифатида аҳамият касб этмоқда.
Саралаш натижаларига кўра, энг муносиб деб топилган номзодлар республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Улар энди нафақат ўз ҳудуди, балки бутун мамлакат миқёсида ўз билим ва салоҳиятини намоён этиш имконига эга бўладилар.
Шубҳасиз, “Мард ўғлон” танлови каби нуфузли ташаббуслар ёшларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларни жамиятда муносиб ўрин эгаллашга руҳлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири