Келажак посбонлари билан мулоқот
Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги Мирзаобод туманида жойлашган Сафарбарлик чақирув резерви баталёнида ёшлар билан мазмунли ва амалий аҳамиятга эга учрашув ташкил этилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят Кенгаши ҳамда Гулистон ҳарбий прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган “Раҳбар ва ёшлар” мулоқоти келажак эгалари учун муҳим тажриба мактабига айланди.
Мазкур тадбирда Мирзаобод туманидаги умумтаълим мактаблари ҳамда Гулистон тумани ихтисослаштирилган мактаб ўқувчи-ёшлари фаол иштирок этдилар. Улар ҳарбий қисм ҳаёти, хизмат шароитлари ва ҳарбий касбнинг ўзига хос жиҳатлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.
[gallery-28877]
Учрашув Гулистон ҳарбий прокурори Фаррух Жумаев ва Сафарбарлик чақирув резерви баталёни командири раҳбарлигида ўтказилиб, тадбир давомида ёшларга ҳарбий хизматнинг шарафли ва масъулиятли жиҳатлари, Ватан ҳимоясининг муқаддас бурч экани, шунингдек, юртимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Айниқса, ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш, ёшларнинг фаол фуқаролик позициясини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Бу учрашув менда катта таассурот қолдирди. Ҳарбий хизматнинг нафақат масъулият, балки юксак шараф эканини янада чуқурроқ англадим. Келажакда Ватанимизга садоқат билан хизмат қилиш орзуси янада мустаҳкамланди, – дейди Мирзаобод туманидаги 31- сонли мактабнинг 11- синф ўқувчиси Расулжон Қодиров.
Самимий ва очиқ руҳда кечган мулоқот ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларда Ватанга садоқат, фидойилик ва дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Шу билан бирга, бу каби учрашувлар ёшларнинг келгусида тўғри касб танлаши, жамиятда муносиб ўрин эгаллашига ҳам замин яратаётгани билан аҳамиятли бўлди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА