Сирдарёда “Адолат сайли”
Гулистон шаҳрида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлаш мақсадида “Адолат сайли” ташкил этилди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.


Тадбирни Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Камолжон Холиқов очиб бериб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
Сайил доирасида 20 га яқин давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳуқуқий маслаҳат бурчаклари ташкил этилиб, фуқароларга моддий ёрдам ва ижтимоий нафақалар тайинлаш, кредит ва микроқарзлар олиш, солиқ муносабатлари, экспорт фаолиятини йўлга қўйиш, инвестиция жалб этиш, алимент ундириш, давлат хизматларидан фойдаланиш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.



Жумладан, Давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ органлари, нотариуслар, адвокатлар, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти мутахассислари, интеллектуал мулк соҳаси вакиллари ҳамда бошқа масъул ташкилотлар томонидан аҳолининг мурожаатлари қабул қилиниб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.


Тадбир доирасида шаръий никоҳ асосида яшаб келаётган икки оиланинг никоҳи белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек, никоҳ қуриш арафасида турган ёшларга махсус сертификатлар топширилди.


Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши ҳамда Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар ва махсус анжомлар кўргазмаси ташкил этилди. Шу билан бирга, камондан отиш спорт тури бўйича амалий маҳорат дарслари ўтказилди.
Фуқаролар бандлигини таъминлашга қаратилган бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам тадбирнинг муҳим қисмига айланди. Ярмарка давомида иш изловчиларга мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар тақдим этилиб, меҳнат муносабатлари ва ишга жойлашиш масалалари бўйича тегишли маслаҳатлар берилди.


Нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокида ташкил этилган “Биз биргамиз” акцияси доирасида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ва ижодий ишлар кўргазмаси намойиш этилди. Шунингдек, миллий маданий марказлар вакилларининг бадиий чиқишлари, китоб кўргазмалари, спорт мусобақалари, ҳуқуқий викториналар ҳамда турли танловлар ўтказилди.
Тадбирнинг маданий қисмида вилоят маданият бошқармаси санъаткорлари иштирок этишиб, концерт дастурларини намойиш қилишди.

Тадбир якунида “Адолат сайли”ни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишда фаол иштирок этган ташкилот ва муассасалар вакилларига Сирдарё вилояти адлия бошқармасининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

— Бугунги тадбир доирасида аҳолига ҳуқуқий маслаҳатлар бериш билан бир қаторда, фуқароларни қийнаб келаётган қатор долзарб масалалар юзасидан мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг ечими бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби ва мавжуд имкониятлар кенг тарғиб қилинди. Энг муҳими, турли давлат органлари ва ташкилотлари вакилларининг бир майдонда жамланиши аҳолига ўзларини қизиқтирган саволларга жойида жавоб олиш ҳамда муаммоларини ҳал этиш бўйича амалий кўмакка эга бўлиш имконини яратди. Бундай тадбирлар фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, давлат органлари билан аҳоли ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, — дейди Сирдарё вилояти адлия бошқармасининг масъул ходими Дилноза Умрзоқова.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА