Журналистлар жамиятнинг виждонига айланмоғи керак
Мулоҳаза
Бугун ахборот макони дақиқалар сайин ўзгараётган, виртуал дунё реал ҳаётимизни бошқаришга даъво қилаётган глобал даврда яшамоқдамиз. Дарҳақиқат, айни кунда дунёда ахборот шунчаки янгилик эмас, балки жамият кайфиятини йўналтирувчи, сиёсий-иқтисодий жараёнларга таъсир этувчи қудратли кучга, геосиёсий қуролга айланиб улгурди.
Мамлакатимизда кечаётган кенг қамровли трансформация жараёнларида давлат ва халқ ўртасидаги мулоқотни таъминлаш, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамиятга холис етказиш ва тизимли муаммоларни мардлик билан ўртага ташлаш вазифаси матбуотнинг зиммасига тушмоқда.
Бироқ бугунги ўзбек медиа маконида очиқлик сиёсати қуруқ декларациялардан иборат бўлиб қолмаяптими?
Тезкорлик ортидан қувиш касб масъулияти ва фактлар аниқлигини иккинчи планга суриб қўймаяптими?
Сохта сенсациялар ва "лайкбозлик" авж олган бир даврда ҳақиқий, профессионал журналистиканинг мустаҳкам позицияси нимада акс этади?
Тан олиш керак, давлатимиз раҳбари жамият ривожида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва давлат органларининг очиқлиги масаласини янги босқичга олиб чиқди. Президент таъкидлаганидек: "Агар биз мамлакатимизда демократик тамойилларни чуқур илдиз оттирмоқчи бўлсак, энг аввало, сўз ва матбуот эркинлигини, журналистларнинг мустақил фаолият юритиши учун барча шароитларни яратиб беришимиз зарур. Очиқлик ва ошкоралик — бу вақтинчалик кампания эмас, бу — қайтмас стратегик йўлимиз".
Ушбу юксак сиёсий ирода жойлардаги давлат идоралари ва раҳбарларнинг дунёқарашини тубдан ўзгартиришни талаб этади. Давлат органлари ахборот хизматларини шунчаки "чиройли ҳисоботлар тарқатувчи марказ" ёки раҳбарни танқидлардан тўсиб турувчи "ишончли девор"деб эмас, балки жамият билан тўғридан-тўғри, керак бўлса, кескин ва танқидий мулоқот олиб борувчи жонли кўприк, деб тан олишлари шарт.
Вазиятга холис баҳо берадиган бўлсак, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ахборот соҳасида асрларга татигулик ижобий ўзгаришлар юз берганини ҳеч ким инкор эта олмайди. Энг аввало, матбуотнинг "диван журналистикаси" ва қуруқ қарсакбозликдан воз кечиб, ижтимоий ҳаётнинг энг оғриқли ва яширин нуқталарини кўтариб чиқиши оддий ҳолга айланди.
Ҳуқуқий жиҳатдан олиб қараганда, журналист ва блогерларнинг фаолияти дахлсизлигини таъминлаш борасида катта қадам ташланди. Хусусан, Жиноят кодексидан журналистик фаолият билан боғлиқ бўлган озодликдан маҳрум қилиш жазоларининг чиқариб ташланиши соҳа ходимларига руҳий ва касбий эркинлик берди.
Давлат идораларида Ахборот хизматлари (матбуот котиблари) институти тубдан ислоҳ қилинди. Уларнинг мақоми ваколат жиҳатдан раҳбар ўринбосарлари даражасига кўтарилди. Бундан ташқари, давлат бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат харидларининг очиқ порталларга жойлаштирилиши журналистлар учун мисли кўрилмаган маълумотлар базасини очди. Мустақил интернет-нашрлар, суриштирувчи журналистлар ва фаол блогерлар жамият фикрини шакллантирувчи, ижро ҳокимияти хатоларини кўрсатиб берувчи реал кучга айланди. Маҳаллий ҳокимлар ва вазирлар ОАВнинг танқидий чиқишларига расмий муносабат билдиришга ва камчиликларни бартараф этишга одатланди. Бу сўз эркинлиги борасидаги ислоҳотларнинг энг катта ютуғидир.
Бироқ эришилган ютуқлар бизни хотиржамликка ундамаслиги керак. Тизимда ҳамон эскича фикрлайдиган, шаффофликни истамаган бўғинлар мавжуд. Айрим вазирлик ва ҳокимликларда очиқлик сиёсати ҳамон расмиятчилик ва шаблон ёндашувлардан холи эмас. Ижтимоий тармоқларда бирор-бир тизимли муаммо ёки резонансли воқеа кўтарилса, мутасадди идоралар дастлабки оғир соатларда сукут сақлашни, вазиятни хаспўшлашни ёки умумий гаплар билан баёнот беришни афзал кўришади.
Энг ачинарлиси, ОАВ ва журналистларни "ўзиники" ва "ётлар"га, яъни фақат мақтайдиган "қулай" нашрлар ва ноқулай савол берадиган "безовта" журналистларга ажратиш иллати ҳамон кўзга ташланмоқда. Натижада айрим расмий тадбирлар ва брифинглар олдиндан келишилган, сценарийли "спектакль" кўринишини олмоқда.
Биламизки, ахборот маконида вакуум (бўшлиқ) узоқ турмайди. Давлат органи сукут сақлаган дақиқаларда ушбу бўшлиқни хориждаги ғаразли кучлар, тармоқлардаги асоссиз миш-мишлар ва сунъий ваҳималар тўлдиради. Расмий идоранинг ахборот беришда кечикиши ёки уни яшириши ахборот урушида ютқазиш билан баробардир. Ҳақиқий очиқлик жамиятни қийнаётган оғриқли нуқталарни мардлик билан тан олиш ва унинг ечими устида журналист билан ҳамкорлик қилишдир.
Бугунги ахборот маконини шиддатли тезкорлик бошқармоқда. Ижтимоий тармоқлар янгиликни тарқатиш тезлиги бўйича анъанавий ОАВдан ўзиб кетмоқда. Тезкорлик бугунги куннинг бош талаби, аммо у матбуот учун хавфли тузоққа ҳам айланиши мумкин. Президент журналистлар ва блогерлар билан учрашувлардан бирида жуда муҳим бир фикрни илгари сурган эди: "Матбуот тезкор бўлиши керак, лекин ундан ҳам муҳими — у холис, ҳаққоний ва асосланган бўлиши шарт. Контекстдан юлиб олинган, чуқур таҳлил қилинмаган ахборот жамиятда нотўғри тушунча шаклланишига олиб келади".
Афсуски, "биринчи бўлиб чиқариш" ёки "эксклюзив" илинжида фактчекинг (фактларни текшириш) маданияти унутилмоқда. Юзакилик ва воқеанинг асл моҳиятини ўрганмай туриб хулоса чиқариш миллий журналистикамизда энг оғриқли нуқта бўлган — журналист суриштируви (investigative journalism) институтининг тўлиқ ривожланишига тўсиқ бўлмоқда.
Бизда расмий маълумот олиш кафолатланган бўлса-да, чуқурроқ таҳлил ва идоравий суриштирув жараёни бошланганда айрим амалдорлар маълумотларни бермаслик учун минг бир баҳона ва сунъий ғовларни ишга солади. Ваҳоланки, кучли суриштирув мавжуд бўлмаган жойда коррупция ва яширин иқтисодиёт илдиз отаверади. "Лайк"лар ва "просмотр"лар кетидан қувиш даврида сохта сенсациялар (fake news), манипуляция ва контекстни бузиб кўрсатиш авж олди.
Энг ачинарлиси, жамиятнинг ўзида ҳам "ахборот гигиенаси" паст даражада бўлиб қолмоқда. Тизимли, оғир ва чуқур таҳлилий мақолалардан кўра, кимнингдир шахсий ҳаёти ёки арзон шов-шувлари миллионлаб аудиторияни жалб қилмоқда. Мана шундай виртуал тартибсизлик маконида профессионал журналистиканинг асл вазифаси юзага чиқади.
Профессионал журналист — шунчаки тайёр хабарни нусхалаб тарқатувчи (copy-paste) ижрочи эмас. У ахборот оқимини фильтрловчи, фактларни мантиқ ва қонун тарозисига солувчи, воқеанинг сабаб ва оқибатларини холис таҳлил қилиб берувчи жамият фильтридир. Сохта сенсациялар замонида профессионал матбуотнинг энг катта бойлиги ва қуроли бу ишончдир. Ўқувчи шов-шувли хабарни ижтимоий тармоқ ваҳимасида кўрганда унга шубҳа билан қараши, аммо профессионал нашр саҳифасида ўқиганда "бу ерда ҳақиқат ёзилган" деб ишониши — матбуотнинг олий ютуғи ва бош мақсади бўлиши керак.
Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ўз мевасини бериб улгурди ва бу йўлдан ортга қайтиб бўлмайди. Эндиги вазифа миқдордан сифатга ўтишдир. Матбуот ва давлат органлари ўртасидаги муносабатлар қуруқ ва баландпарвоз декларациялар босқичидан ўтиб, ҳақиқий амалий, конструктив ва принципиал ҳамкорлик даражасига кўтарилиши шарт. Давлат идоралари ОАВни ўзларига рақиб эмас, балки тизимдаги иллатларни кўрсатиб берувчи ва ислоҳотларни жадаллаштиришга кўмаклашувчи асосий иттифоқчи сифатида қабул қилишлари лозим.
Миллий журналистикамиз эса енгил шов-шувлар, юзаки репортажлар ва ижтимоий тармоқлар яратган виртуал тўлқинлар ортидан сузиб юришни тўхтатиши, профессионал маҳорат, чуқур таҳлил, мардлик ва юксак фуқаролик масъулияти билан жамиятнинг чинакам виждонига айланиши керак.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, адолатли жамият ва кучли давлатни фақат ва фақат эркин, масъулиятли ва профессионал матбуот кўмагида барпо этиш мумкин. Тараққиётнинг, халқни рози қилишнинг бошқа йўли йўқ ва бўлмайди ҳам.
Алоуддин Ғаффоров,
журналист