"Sinquefield Cup 2026": кечаги муваффақият Синдоровнинг совринли ўринларга даъвогарлик имкониятини кенгайтирди
АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида ўтаётган “Sinquefield Cup 2026” турнирининг ортда қолган 7-турида ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров германиялик Винсент Кеймерни мағлуб этди.
Мазкур турда қора доналарда ҳаракатланган Синдоров ҳужумкор позицияда бўлган ҳолда ҳар бир юриш ортидан ғалаба сари тобора яқинлашиб борди. Ўйиннинг 59-юриш вазиятида германиялик шахматчи имкониятни бой берганини тан олди.
“Grand Chess Tour” сериясининг ҳал қилувчи босқичи саналган мазкур турнирнинг 7-туридаги 5 та қарама-қаршиликдан фақат Жавоҳир рақибини таслим этиш уддасидан чиққан бўлса, қолган учрашувларда томонлар муроса йўлини танлади.

Бугун, 18 август куни умумий мукофот жамғармаси 475 минг АҚШ долларидан иборат турнирнинг 8-турида Жавоҳир Синдоров оқ доналарда сўнгги поғонани банд этиб турган нидерландиялик Жорден ван Форест билан рўбарў келади.
Шунингдек, бугунги турда Сэм Севьян (АҚШ) – Уэсли Со (АҚШ), Аниш Гири (Нидерландия) – Левон Аронян (АҚШ), Винсент Кеймер (Германия) – Фабиано Каруана (АҚШ), Максим Вашье-Лаграв (Франция) – Прагнанандҳаа Рамешбабу (Ҳиндистон) куч синашади.
Саккизинчи тур ўйинлари остонасида америкалик Уэсли Со 4,5 очко билан етакчилик қилаётган бўлса, Фабиано Каруана, Рамешбабу Праггнанандҳа ва Максим Вашье-Лаграв 4 очко билан кейинги поғоналарда ҳаракатланмоқда. Маҳоратли шахматчимиз Ж.Синдоров 5 та дуранг, 1 та мағлубият ва 1 та ғалаба эвазига 3,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 5-ўринни банд этган. Винсент Кеймер, Левон Аронян ва Сэм Севьян ҳисобида ҳам 3,5 очко мавжуд. Аниш Гири 3 очко билан 9-ўринда, 1,5 очкога эга Жорден ван Форест 10-ўринда бормоқда.

Айтиш лозимки, кечаги муваффақият Синдоровнинг совринли ўринларга даъвогарлик имкониятларини кенгайтирди. Нима бўлганда ҳам 7-турдаги ютуқ кайфиятни кўтариш асносида кейинги ўйинларда Синдоровга руҳий қувват бағишлаши билан аҳамиятли саналади.
Ўйлаймизки, эртага, 19 август куни турнирнинг сўнгги 9-турида Жавоҳир Синдоров қора доналарда Уэсли Со билан ўтказадиган баҳсда шу жиҳатлар унга ёрдамчи куч бағишласа бўлгани.
Эслатиб ўтамиз, мусобақада ғолибликни қўлга киритган шахматчи 100 минг АҚШ доллари билан, 2-ўрин соҳиби 65 минг, 3-ўрин 50 минг, 4-ўрин 35 минг, 5-ўрин 25 минг, 6-ўрин 20 минг, 7-ўрин 18 минг, 8-ўрин 15 минг, 9-ўрин 12 минг ҳамда 10-ўрин 10 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА