Мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган спорт мусобақалари ўтказилди
Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги 2- Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган спорт мусобақалари ўтказилди.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ташкил этилган мусобақаларда ёшлар мини футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка бўйича беллашдилар.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилояти Кенгаши раиси, депутат Алижон Жалилов сўзга чиқиб, ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида спортнинг аҳамияти катта эканини таъкидлаб, бугунги кунда ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд этди.
– Бугунги беллашувларда асосий мақсад фақат ғалаба қозониш эмас. Энг муҳими, спорт орқали дўстлашиш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ўз имкониятларини синаб кўриш ва соғлом рақобат муҳитида тажриба орттиришдир. Рақибингизни ҳурмат қилган ҳолда ғалаба сари интилинг ва спортни ҳаётингизнинг ажралмас қисмига айлантиринг, – деди Алижон Жалилов. –Дастлаб мини футбол бўйича беллашувлар ўтказилди. Майдонга чиққан ёш футболчилар ўз жамоалари шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун бор куч ва маҳоратларини ишга солдилар. Жамоалар ўртасидаги баҳслар қизғин ва муросасиз кечди.
Майдондаги ҳар бир ҳаракат, аниқ узатмалар, тўп учун кураш, дарвозага йўлланган зарбалар ва кутилмаган ҳужумлар томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Ёш футболчиларнинг ҳаракатларида жамоавийлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ғалабага интилиш яққол сезилиб турди.
Стол тенниси бўйича беллашувларда иштирокчиларнинг тезкорлиги, чаққонлиги, аниқлиги ва вазиятни тез баҳолай олиш қобилияти синовдан ўтказилди.
Беллашувлар давомида ҳар бир очко учун кескин кураш олиб борилди. Спортчиларнинг тезкор зарбалари ва моҳирона жавоб ҳаракатлари мусобақа янада қизиқарли бўлишини таъминлади.
Мусобақалар дастуридан ўрин олган шахмат ва шашка баҳслари янада қизиқарли тус олди. Интеллектуал спорт турларида иштирокчилар мантиқий фикрлаш, диққатни жамлаш, сабр-тоқат ва стратегик ёндашув борасида ўз маҳоратини намойиш этдилар.
Мусобақалар сўнггида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирландилар.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири