"Sinquefield Cup 2026": Каруана билан дуранг ўйнаган Синдоров бугун Кеймер билан баҳс олиб боради
Бугун, 17 август куни АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида 10 нафар маҳоратли шахматчилар иштирокида давом этаётган “Sinquefield Cup 2026” турнирининг 7-турида Жавоҳир Синдоров қора доналарда германиялик Винсент Кеймер билан куч синашади.
“Grand Chess Tour” сериясининг ҳал қилувчи босқичи ҳисобланган мазкур мусобақанинг ортда қолган 6-тур баҳсида Синдоров оқ доналарда америкалик Фабиано Каруанага қарши баҳс олиб борди. Тенг курашлар остида ўтган ўйинда томонлар муроса йўлини танлаши натижасида Жавоҳирнинг турнирдаги дуранглари сони 5 тага етишига олиб келди.

Еттинчи тур остонасида турнир жадвалини 4 очко жамғарган америкалик Уэсли Со бошқариб турибди. Фабиано Каруана, Винсент Кеймер, Рамешбабу Праггнанандҳа ва Максим Вашье-Лаграв 3,5 очко билан кучли бешликда ҳаракатланмоқда. Левон Аронян, Сэм Севьян ҳисобида 3 очко мавжуд. Жавоҳир Синдоров 2,5 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 8-ўринни банд этган. Кейинги қаторлардан жой олган Аниш Гири ҳисобида 2,5 очко, Жорден ван Форестда эса 1 очко бор.

Эслатиб ўтамиз, 9 та турдан иборат ушбу мусобақада ғолибликка эришган шахматчи 100 минг АҚШ доллари билан тақдирланади. Ўз навбатида, 2-ўрин соҳиби 65 минг, 3-ўрин 50 минг, 4-ўрин 35 минг, 5-ўрин 25 минг, 6-ўрин 20 минг, 7-ўрин 18 минг, 8-ўрин 15 минг, 9-ўрин 12 минг ҳамда 10-ўрин 10 минг АҚШ доллари соҳибига айланиши билан бирга “Grand Chess Tour” финали учун керакли рейтинг очколарни жамғаришга муваффақ бўлади.
Т. Рўзиев, ЎзА