Футбол хабарлари
Жаҳон футбол майдонларида ўзбекистонлик легионерлар яна бир бор ўз маҳоратини намойиш этди. Абдуқодир Ҳусанов Англия Суперкубоги баҳсида тўлиқ ўйин ўтказган бўлса, Туркияда Элдор Шомуродов гол урди, Аббосбек Файзуллаев эса самарали узатмаси билан ажралиб турди.
“Арсенал” — Англия Суперкубоги соҳиби. Премьер-лиганинг амалдаги ғолиби “Арсенал” мамлакат кубоги соҳиби “Манчестер Сити”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, Англия Суперкубогини қўлга киритди. Учрашувда Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” сафида тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди ва 6,9 баҳога лойиқ кўрилди.
***
Шомуродов гол урди, Файзуллаев ассист қайд этди. Туркия Суперлигасининг 1-турида “Башакшеҳир” “Кожаэлиспор”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Унда ҳамюртларимиз Аббосбек Файзуллаев 14-дақиқада ассист қайд этган бўлса, Элдор Шомуродов 72-дақиқада жамоасининг иккинчи голини урди. Аббосбек 63, Элдор эса 75-дақиқада захирага олинди.
***
Артета бешинчи совринини қўлга киритди. Микель Артета “Арсенал” бош мураббийи сифатида бешинчи совринига эга чиқди. Испаниялик мутахассис “Арсенал” билан 2020 йилда Англия кубоги ва Суперкубогини, 2023 йилда Суперкубокни, 2026 йилда Премьер-лига ва Суперкубокни қўлга киритди. Шунингдек, у футболчи сифатида ҳам лондонликлар билан 2 марта Англия кубоги ва 2 марта Суперкубок ғолиби бўлган.
***
ОЧЛ Элитда қуръа ташланади. Осиё чемпионлар лигаси Элит турнирининг лига босқичига қуръа ташлаш маросими 18 август куни Тошкент вақти билан 13:00 да Куала-Лумпурда ўтказилади. Мусобақада Ўзбекистондан “Пахтакор” ва мамлакат чемпиони “Нефтчи” иштирок этади.
***
“Ланс” тарихда илк бор Франция Суперкубогини қўлга киритди. Ҳал қилувчи баҳсда “Ланс” амалдаги чемпион ПСЖни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Ягона голни 32-дақиқада Товен киритди. Шу тариқа, клуб ўз тарихида биринчи марта Франция Суперкубоги соҳиби бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА