Шубҳали автомашинадан гиёҳвандлик воситаси топилди
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи ҳамда “Қора дори – 2026” профилактик тадбири доирасида гиёҳвандлик билан боғлиқ навбатдаги жиноят фош этилди. Давлат хавфсизлик хизмати Оҳангарон тумани бўлими ва туман ички ишлар бўлими тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида қонунга хилоф фаолият билан шуғулланган шахснинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Хусусан, жорий йилнинг 1 июль куни соат тахминан 20:40 ларда ҳудудда жойлашган “Чинор” ЙПХ масканида “Водий – Тошкент” йўналишида ҳаракатланиб келаётган “Маtiz” русумли енгил автомобиль текшириш учун тўхтатилди. Жараёнда автомашина ҳайдовчиси С.Ж.нинг хатти-ҳаракатлари шубҳа уйғотгани сабабли, холислар иштирокида транспорт воситаси белгиланган тартибда текширилди.

Натижада автомашинанинг пол қисми остидан қора полиэтилен пакетга ўралган, ўткир ҳидли, тўқ яшил рангли, гиёҳвандлик воситаси, “гашиш”га ўхшаш модда аниқланди. Дастлаб "машинани хоҳлаганча текширинглар, ҳеч нарса йўқ", деб бонг ураётган ҳайдовчининг сўзларига кўра, ушбу модданинг оғирлиги тахминан 50 граммни ташкил этиши маълум бўлди.

Аниқланган модда холислар иштирокида белгиланган тартибда ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқаро С.Ж.га нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА