Ўзбекистон ва Қозоғистон тоза ҳаво йўлида кучларни бирлаштирмоқда
Марказий Осиёда экологик хавфсизликни таъминлаш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш масалалари минтақавий ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
Бу борада Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқиб, икки давлат ҳаво ифлосланишининг трансчегаравий таъсирини камайтириш бўйича қўшма амалий чораларни белгилаб олди.
Тошкент шаҳридаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University)да Қозоғистон Республикаси делегацияси иштирокида ўтказилган учрашувда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, мониторинг тизимларини такомиллаштириш ҳамда трансчегаравий ифлосланишни камайтиришга қаратилган ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Иқлим ўзгариши миллий маркази, Гидрометеорология хизмати агентлиги ҳамда бошқа соҳавий ташкилотлар вакиллари қатнашди. Қозоғистон томонидан эса Экология ва табиий ресурслар вазирлиги, “Қазгидромет” давлат корхонаси, Миллий гидрометеорология хизмати илмий маркази ҳамда Туркистон вилояти мутасаддилари иштирок этди.
Музокаралар давомида икки мамлакат мутахассислари ҳаво сифати мониторинги бўйича олиб борилаётган ишлар, атмосфера циркуляцияси жараёнлари, PM10 ва PM2.5 майда дисперс заррачаларига оид тадқиқот натижалари билан ўзаро ўртоқлашди. Мутахассислар атмосфера ҳавоси давлат чегараларини тан олмаслиги, шу боис чегараолди ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш фақат мувофиқлаштирилган илмий ёндашув орқали самара бериши мумкинлигини таъкидлади.
Ўзбекистон томони тақдим этган илмий маълумотларга кўра, йирик шаҳарларда атмосфера ҳавоси ифлосланишининг асосий қисми антропоген манбалар ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, атмосфера циркуляцияси ва ҳаво массаларининг кўчиши ҳам ифлослантирувчи моддалар тарқалишида муҳим омил ҳисобланади. Автоматик мониторинг станциялари маълумотлари асосида PM2.5 ва PM10 заррачалари концентрациясининг ҳудудий тақсимотига оид таҳлиллар ҳам тақдим этилди.
Учрашувнинг муҳим натижаларидан бири сифатида икки мамлакат олимлари иштирокида қўшма ишчи гуруҳ тузиш бўйича келишувга эришилди. Мазкур гуруҳ трансчегаравий атмосфера ифлосланишини камайтиришга қаратилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириш ҳамда ҳаво сифати бўйича маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш билан шуғулланади.
Ташриф давомида Қозоғистон делегацияси Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Тоза ҳаво” лойиҳаси доирасидаги ишлар билан ҳам танишди. Жумладан, Тошкент вилоятидаги иссиқхоналарни демонтаж қилиш ва уларни Сурхондарё вилоятига кўчириш жараёнлари, шунингдек, Тошкент ИЭСда жорий этилган замонавий газ тозалаш ва чиқиндиларни фильтрлаш тизимлари кўздан кечирилди. Шу билан бирга, автотранспорт воситаларига экологик стикерлар бериш механизми ҳам ҳаво ифлосланишини камайтиришга қаратилган самарали ечим сифатида тақдим этилди.
Мутахассислар фикрича, бу каби ҳамкорлик нафақат икки давлат ўртасида экологик маълумотлар алмашинувини кучайтиради, балки Марказий Осиёда барқарор экологик хавфсизликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва ҳаво сифати мониторингини замонавий босқичга олиб чиқишга ҳам хизмат қилади. Учрашув якунида томонлар атмосфера ҳавосининг трансчегаравий ифлосланишини камайтиришга қаратилган қўшма амалий тадбирларни мунтазам давом эттиришга келишди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА