Шўрчида кундузги парвариш хизмати иш бошлади
Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида “Инсонга саховат” масъулияти чекланган жамияти ногиронлиги бўлган болалар учун 35 ўринли кундузги парвариш хизматини йўлга қўйди.
Президентимизнинг 2025 йил 3 февралдаги “Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юртимизда ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириб, оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи сабабларни бартараф этишда муҳим омил бўлмоқда. Оила аъзоларининг меҳнат қилишига шароит яратиш ва ногиронлиги бўлган болаларнинг оила қарамоғида қолишини таъминлаб, уларни кундузги парвариш хизмати билан қамраб олишда ўз самараларини бермоқда.

Туманда иш бошлаган барча шароитларга эга муассасада 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар тенгдошлари билан мулоқотга киришиб, тажрибали мутахассисларнинг психологик ва ижтимоий кўмагидан баҳраманд бўлмоқда.
– Марказимиз ногиронлиги бўлган болаларнинг ижтимоийлашувига ёрдам кўрсатиш баробарида уларнинг ота-оналари меҳнат қилиши учун қулай муҳит яратмоқда, –дейди тадбиркор Гулшода Бойқобилова. – Эндиликда улар кўнгли хотиржам ишга чиқиб, оиласига даромад олиб келиши, рўзғорини бутлаб олиши мумкин. Болаларга эса тажрибали тарбиячиларимиз турли ривожлантирувчи машғулотлар ташкил этиб, уларнинг янги ҳаётий кўникмаларини шакллантиришга ёрдам беради.

Айни пайтда марказда 35 нафар ногиронлиги бўлган бола кундузги парвариш хизматига қамраб олиниб, меҳр кўрсатилаётир. Улар мулоқот қилиш, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш, енгил спорт машқларини бажариш ва бошқа машғулотларда қатнашиб, ҳаётда ўз ўрнини топишга интилишини мустаҳкамламоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири