2-сон шаҳар клиник шифохонасида қандай шароитлар яратилган?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олга Литвинова, Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти раиси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Севара Файзиева Яшнобод туманида ўрганишлар олиб борди. Депутатлар "Ширинобод" маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан биргаликда 2-сон шаҳар клиник шифохонасида бўлиб, бу ерда яратилган имкониятлар билан яқиндан танишди.
Халқ вакиллари тиббиёт муассасасида беморларга даволаш-реабилитация ёрдамини ташкил этиш, муассасанинг моддий-техник базаси ҳолати, шунингдек, шифохонани куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди.
Шифохона бош шифокори У.Рўзиев депутатларга муассасанинг асосий фаолият йўналишлари ҳамда беморлар учун муносиб шароитлар яратиш борасида олиб борилаётган ишлар бўйича батафсил маълумотлар берди. Қайд этилганидек, мазкур шифохона 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, беморларга соматик тиббий ёрдам, жумладан, реабилитация даволаш хизматларини кўрсатади. Муассасада терапия, неврология ва кардиология бўлимлари фаолият юритади. Биринчи қаватда физиотерапия бўлими жойлашган бўлиб, бу ерда беморлар тикланиш ва реабилитация учун зарур муолажаларни олади.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ҳам қизғин кетмоқда. Муассасада замонавий ускуналар билан жиҳозланган маҳаллий қозонхона мавжуд бўлиб, у шифохонани тўлиқ иситиш ва иссиқ сув билан таъминлайди. Иситиш мавсумида унинг узлуксиз ишлашини таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилган.
Маълум қилинганидек, шифохона 2026 йил учун республика инвестиция дастурига киритилган. Мазкур дастур доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги маблағлари ҳисобидан лаборатория биносини тўлиқ реконструкция қилиш ва замонавий лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Лабораторияда зарур диагностик текширувлар, жумладан, қон таҳлиллари ва лаборатория диагностикасининг бошқа турлари ўтказилади. Лойиҳанинг амалга оширилиши беморларни текшириш сифати ва тезкорлигини ошириш имконини беради.

Шунингдек, шифохона тиббий кадрлар билан тўлиқ таъминланган. Жорий йилда муассасага Тошкент тиббиёт академиясининг уч нафар битирувчиси — бир нафар кардиолог ва икки нафар невролог шифокор ишга қабул қилинган. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида жалб қилинган маблағлар ҳисобидан физиотерапия бўлимида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилган, ошхона белгиланган санитария талабларига мувофиқлаштирилган.
Халқ вакиллари ўрганишлар давомида 2-сон шаҳар клиник шифохонасида беморларни даволаш ва реабилитация қилиш учун зарур шароитлар яратилгани, тегишли моддий-техник база таъминлангани, шунингдек, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилаётганини эътироф этди.
М.Комилова, ЎзА