Шоир таваллудининг 80 йиллиги нишонланди
Чиноз туманида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Нуриддин Аминжонов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда юртимиз адабиёти ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган, умрини халққа, қўшиққа ва сўз санъатига бағишлаган Нуриддин Аминжоновнинг сермазмун ҳаёт йўли, бой ижодий мероси ва инсон сифатидаги фазилатлари тадбир иштирокчилари томонидан катта эҳтиром билан ёдга олинди.


Тадбирда Тошкент вилоят ҳокимининг шоир юбилейи муносабати билан йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Унда устоз ижодкорнинг ўзбек адабиёти ва маданияти ривожидаги ўрни, миллий қадриятларимизни тарғиб этишдаги хизматлари ҳамда ёш авлод тарбиясига қўшган ҳиссаси алоҳида таъкидланди.

Анжуманда Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши раиси Сайёра Файзиева, Чиноз тумани ҳокими Шерзод Солиҳов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Абдусамад Носиров, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси маслаҳатчиси, шоир Салим Ашур, Ўзбекистон халқ ҳофизи Исроилжон Ваҳобов, Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Раҳматилла Шералиев, шоира Зулфия Мўминова ва бошқалар иштирок этди. Мазкур маърифий кеча давлатимиз раҳбарининг соҳа вакилларига бераётган улкан эътиборининг яна бир ифодаси бўлгани алоҳида таъкидланди. Нуриддин Аминжоновнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида самимий хотиралар билан ўртоқлашилди.

Хусусан, шоирнинг номи халқ қалбидан жой олган юзлаб қўшиқлар, самимий шеърлар ва мазмунли асарлар билан чамбарчас боғлиқ. Унинг “Дилхирож”, “Айла табассум”, “Интизор кутдим”, “Армонли дунё”, “Шукрона”, “Йиллар қўшиғи”, “Севмай бўлурми сизни”, “Изҳори дил”, “Асрларга йўлдош Навоий” каби кўплаб китоблари халқимизнинг маънавий мулкига айланган.

Нуриддин Аминжонов нафақат сермаҳсул шоир, балки журналистика ва маданият соҳасида фидокорона меҳнат қилган инсон сифатида ҳам қадрланади. Унинг ижодида Ватанга муҳаббат, инсон қадри, меҳнаткаш халқ ҳаёти, садоқат ва эзгулик ғоялари бош мавзулардан бўлиб келган.
Тадбирда Ўзбекистон давлат филармонияси ҳамда Тошкент вилоят маданият бошқармаси ижодкорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар байрамона муҳитга янада файз бағишлади. Шоир қаламига мансуб машҳур қўшиқлардан намуналар ижро этилди.
А.Мусаев,ЎзА