Акция жараёнлари давом этмоқда
“Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида ташкил этилган хайрли донорлик акциясининг иккинчи куни ҳам юксак инсонпарварлик ва фаоллик руҳида ўтди. Сирдарё вилояти қон қуйиш станцияси маъмурияти, Сайхунобод тумани тиббиёт бирлашмаси, Сирдарё ИЭС ҳамда “Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу эзгу тадбир эҳтиёжманд бемор болалар ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган муҳим ижтимоий ташаббус сифатида аҳамият касб этмоқда.
Акция доирасида жами 74 нафар кўнгилли донор фаол иштирок этиб, улар томонидан 43 литр 068 миллилитр қон топширилди. Ушбу кўрсаткич оғир ҳолатдаги бемор болалар учун зарур қон захираларини тўлдиришга муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.


Хусусан, Сайхунобод тумани тиббиёт бирлашмасидан 20 нафар донор 17 литр 232 мл қон топшириб, энг юқори фаоллик кўрсатган бўлса, Вилоят қон қуйиш станциясининг 26 нафар ходими ва кўнгиллилари 12 литр 825 мл қон билан эзгу ишга муносиб ҳисса қўшишди. Шунингдек, Сирдарё ИЭСнинг 28 нафар фидойи ишчиси 13 литр 011 мл қон топшириб, инсонпарварлик ва масъулият намунасини намоён этди.


– Донорлик — бу шунчаки тиббий амалиёт эмас, балки инсонийлик, раҳм-шафқат ва юксак масъулият ифодасидир. Ҳар бир беғараз топширилган қон компоненти оғир аҳволдаги беморлар, айниқса болажонлар ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бугунги кунда ҳар бир донор ортида инсон ҳаёти, оила умиди ва шифо топиш истаги мужассам. Шу боис донорлик маданиятини кенг тарғиб этиш ва жамиятда бу борадаги ижтимоий фаолликни янада ошириш муҳим аҳамият касб этади, – дейди вилоят қон қуйиш станцияси бош шифокори Ҳайдар Саломов.
Ҳозирда акция жараёнлари давом этмоқда. Ташкилотчилар таъкидлашича, бу каби хайрли ташаббуслар бемор болажонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, уларга умид ва ҳаёт бағишлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири