Ширинда оилавий муаммоларга янги ечимлар изланди
Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ажримлар сонини камайтириш ҳамда низоли оилалар билан ишлашда замонавий ёндашувларни жорий этишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари –Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, қўмита раисининг биринчи ўринбосари Умида Абдуллаева, Сирдарё вилоят ҳокимининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева, Ширин шаҳар ҳокими Дилфуза Қамбарова ҳамда вилоят прокурорининг ўринбосари Насиба Бегимова иштирок этди.


Семинар давомида хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар келиб чиқишининг ижтимоий ва психологик омиллари атрофлича таҳлил қилиниб, уларни барвақт аниқлаш ва самарали профилактика қилиш чораларини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ажрим ёқасига келиб қолган ва низоли ҳолатлар кузатилаётган оилалар билан ишлашда индивидуал ёндашув, медиация, психологик ва ижтимоий хизматлардан кенг фойдаланиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.


Тадбир доирасида ажрим ёқасида турган ҳамда оилавий низолар юзага келган оилалар муаммоларини ўрганишга қаратилган сайёр қабул ҳам ташкил этилди. Қабул давомида фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, ҳар бир ҳолатнинг сабаблари таҳлил қилинди ва уларни ҳал этиш бўйича тегишли ташкилотларга аниқ вазифалар юклатилди.

Мулоқотлар жараёнида оилалардаги ижтимоий-иқтисодий шароит, маиший муаммолар ҳамда фарзанд тарбиясига оид масалалар батафсил кўриб чиқилиб, манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича амалий чоралар белгилаб олинди. Шу билан бирга, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва ажримларнинг олдини олишга қаратилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир якунида мутасадди идоралар ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш, жойларда аниқланган муаммоларни манзилли ҳал этиш ҳамда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар белгиланди.

Шунингдек, Зулайҳо Маҳкамова Ширин шаҳридаги иқтидорли қизлар билан учрашув ўтказди. Унда ёшларнинг билим ва салоҳиятини ривожлантириш, таълим ва касб-ҳунар эгаллаш имкониятларини кенгайтириш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда иқтидорли ёшлар ўз ютуқлари ва келажак режалари билан ўртоқлашдилар. Масъуллар томонидан уларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, таълим ва касбий ривожланиш йўналишида зарур тавсиялар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири