Фахрийларга эҳтиром кўрсатилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, нуроний отахону онахонлар ҳолидан хабар олиш, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш эзгу анъанага айланган.
Наманган шаҳрида ҳам нуронийлар қадрланиб, уларнинг ҳаёт йўли ва хизматлари юксак эътироф этилмоқда. Жумладан, Озод маҳалласида истиқомат қилаётган меҳнат фронти фахрийси Жамилахон ая Иномова, Баҳор маҳалласидан Абдуллажон ота Ғаниев, Алпомиш маҳалласида яшовчи, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган 94 ёшли Ҳошимжон ота Абдурасулов ҳамда Фаровон маҳалласида истиқомат қилувчи, 100 ёшни қаршилаган меҳнат фахрийси Отавали ота Холдоров ҳолидан хабар олинди.
[gallery-29200]
Мулоқотлар давомида фахрийларнинг кўп йиллик фидокорона меҳнати ва мамлакат тараққиётига қўшган ҳиссаси алоҳида таъкидланди. Шунингдек, уларнинг саломатлиги, яшаш шароити ва эҳтиёжлари билан яқиндан танишилди. Самимий суҳбатлар байрамона руҳда давом этди.
Байрам муносабати билан нуронийларга табрикномалар ва эсдалик совғалари топширилди. Хонадонларда янграган куй-қўшиқ ва рақслар барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Нуронийлар юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги учун дуо қилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА