Шахмат: Афруза Ҳамдамова Бибисара Ассаубаева билан куч синашди
Шу кунларда онлайн форматда шахмат бўйича хотин-қизлар ўртасидаги “Women’s Speed Chess Championship 2026” баҳслари давом этмоқда.
Эътиборли жиҳати, дунёнинг энг кучли хотин-қиз шахматчилари қатнашаётган мазкур турнирда ҳамюртимиз Афруза Ҳамдамова ҳам дона сурмоқда.
Умумий мукофот жамғармаси 75 минг АҚШ долларидан иборат турнирга ташланган қуръа натижасига кўра, Афруза Ҳамдамова 1/16 финал босқичида блиц бўйича икки карра жаҳон чемпиони қозоғистонлик Бибисара Ассаубаева билан куч синашди.

Мусобақа низомига мувофиқ, баҳслар тўғридан-тўғри плей-офф тизимида ўтказилиб, 3 та вақт назоратидан иборат бўлади.
Афруза Ҳамдамова - Бибисара Ассаубаева тўқнашувининг дастлабки 2 та партиясида томонлар муроса йўлини танлади. Аммо, 14 та партиядан иборат жангларда қозоғистонлик Б.Ассаубаева 10.5:3.5 ҳисобида устунликка эришди.
Ушбу натижадан кейин Б.Ассаубаева ғолиблик йўлидаги баҳсларни давом эттирадиган бўлди. Ҳамдамова эса мағлуб бўлганлар гуруҳида дона суришга киришади.

Эслатиб ўтамиз, мусобақаларда энг кўп очко жамғарган иштирокчи кейинги босқичга йўл олади.
“Women’s Speed Chess Championship 2026” турнири 30 июлга қадар онлайн тарзда давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА