Шарқона миниатюра санъатининг моҳир устаси
Самарқандлик миниатюрачи рассом, уста ҳунарманд Мансур Нуриллаев 32 йилдан буён шарқона миниатюра санъати билан шуғулланиб келмоқда. У ёғоч, сопол ва тери буюмларига нафис тасвирлар тушириб, миллий амалий санъат анъаналарини давом эттирмоқда.
Самарқанд шаҳридаги Руҳобод мақбараси ҳудудида жойлашган мўъжаз устахонада ижод қилаётган ҳунарманд миниатюра санъати сирларини устози Аҳмад Умаровдан ўрганган. Бугунга қадар ўндан ортиқ шогирд тайёрлаб, уларнинг мустақил ижодий фаолият бошлашига кўмаклашган.
Мансур Нуриллаев миллий ҳунармандчилик анъаналарининг давомийлигини таъминлаш, ёшларни ушбу санъатга кенг жалб этиш мақсадида амалий санъат мактабини ташкил этишни режалаштирмоқда.
– Миллий ҳунармандчилигимизга қизиқиш юқори, - дейди Мансур Нуриллаев. – Бу қизиқишни янада ошириш, санъатимиз сирларини ёш авлодга ўргатиш муҳим. Ўзимиз ҳам устозимиз Аҳмад Умаровдан касб сирларини ўрганиб, миниатюра чизишни бошлаганмиз. Энди бу анъанани давом эттириш бизнинг зиммамиздаги масъулиятдир. Шу мақсадда Самарқанд туманидаги Конигил туризм қишлоғида миниатюра мактабини очиш ниятидаман. У ерда нафақат миниатюра рассомчилиги, балки амалий санъатнинг бошқа йўналишларини ҳам ўргатишни режалаштиряпман. Зеро, ҳунармандчиликни ривожлантиришда ижодий изланиш билан бирга иқтисодий имкониятларни ҳам ҳисобга олиш зарур.
Ҳунарманд анъанавий миниатюра намуналарини яратиш билан бирга, ижодида янгича усул ва ғояларга ҳам мурожаат қилмоқда. Хусусан, турли ҳажмдаги сувқовоқлардан тунги ёриткичлар, арча ўйинчоқлари тайёрлаб, уларни нафис миниатюра тасвирлари билан безамоқда.
Устанинг ўзига хос бу буюмлари маҳаллий ва хорижлик сайёҳларда қизиқиш уйғотмоқда. Жорий йилдан эса сувқовоқдан хотин-қизлар тақинчоқлари ва бошқа безак буюмларини сақлашга мўлжалланган қутичалар тайёрлашни ҳам йўлга қўйди.
– Ҳар бир ҳунарманд бозор талабини ўрганиб, ўз фаолиятига янгилик киритиб бориши керак, - дейди уста. – Анъанавий миниатюра санъатининг ўз ихлосмандлари бор. Бироқ харидорлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, янги маҳсулотлар яратиш ҳам муҳим. Шу боис сувқовоқдан турли буюмлар тайёрлашни кенгайтиряпман. Шунингдек, миниатюра тасвирлари билан безатилган турли ҳажмдаги қутичалар ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўйдим. Бир муддат уларга қизиқиш камайган эди, ҳозир эса талаб яна ортмоқда. Ҳунармандчиликни ривожлантиришда замонавий савдо усулларидан фойдаланиш, хусусан, онлайн савдони кенг йўлга қўйиш ҳам муҳим, деб ҳисоблайман.
Мансур Нуриллаев халқаро кўргазмаларда ҳам мунтазам иштирок этиб, ўз ижод намуналарини хорижлик санъат ихлосмандларига намойиш этиб келмоқда.
[gallery-32118]
Жумладан, яқинда Туркияда ўтказилган “Craft Istanbul – 2026” халқаро ҳунармандчилик кўргазмасида ўзбекистонлик усталарнинг ижод намуналари катта қизиқиш билан кутиб олинди. Ушбу нуфузли тадбирда иштирок этган Мансур Нуриллаев янги ғоя ва ташаббуслар билан қайтди.
Уста ҳунарманднинг бугунги изланишлари миллий миниатюра санъати анъаналарини асраб-авайлаш, уни замонавий талаблар асосида ривожлантириш ва келгуси авлодларга етказишга қаратилган.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА