Бўлажак журналистлар телевидение фаолияти билан танишди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳузуридаги «Ёш журналистлар маҳорат мактаби» тингловчилари вилоят телерадиоканалида бўлиб, тележурналистика соҳасининг ўзига хос жиҳатлари ва ижодий жараёнлар билан яқиндан танишди.
Навоий вилояти «Матбуот уйи»да фаолият юритаётган мазкур маҳорат мактабида журналистикага қизиқувчи ёшларга назарий ва амалий билимлар бериб келинмоқда. Машғулотлар давомида тингловчилар мақола ёзиш, ахборот тайёрлаш, мавзу танлаш ва журналистик материаллар устида ишлаш кўникмаларини эгаллаяпт. Улар томонидан тайёрланган туркум мақолалар маҳаллий газеталар саҳифаларида ҳам чоп этилмоқда.
Ёшларнинг касбга бўлган қизиқишини янада ошириш, назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш мақсадида вилоят телерадиоканалига ташриф ташкил этилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Отабек Аслонов раҳбарлигида, уюшма аъзоси, маҳорат мактаби раҳбари Зебо Қутлиева иштирокида ўтказилган амалий машғулотда тингловчилар телерадиоканалнинг ижодий ва техник фаолияти билан танишди.
Ёшлар телерадиоканалда теледастурларни тайёрлаш, тасвирга олиш ва монтаж қилиш, жонли эфирни ташкил этиш ҳамда замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш жараёнлари билан яқиндан танишди.
[gallery-32135]
Шунингдек, камера қаршисида эркин ва равон сўзлаш, эфир ҳаяжонини енгиш, телевизион матн ёзиш, янгиликлар ва репортажлар тайёрлашнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида амалий тушунчаларга эга бўлди.
Бу каби амалий машғулотлар ёшларнинг касбий маҳоратини ошириш, назарий билимларини мустаҳкамлаш ва мустақил ижодий фаолиятга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА