Шарқ марвариди – 2026: учқур отлар пойгасида ғолиблар аниқланди
Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган “Ўзбегим отлари” заводига қарашли отчопарда “Шарқ марвариди – 2026” халқаро от пойгаси мусобақаси ўтказилди.
Спорт вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, “Ўзбегим” от заводи ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилаётган мазкур мусобақага хорижлик тажрибали ҳакамлар жалб этилди.
Асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки халқнинг миллий мероси, умумий қадриятлари рамзи бўлган от спортини ва йилқичилик маданиятини асраб-авайлаш ҳамда халқаро майдонда оммалаштиришдир. Шу билан бирга, халқаро даражада от спорти соҳасидаги анъанавий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, зотдор отларни етиштириш ва ушбу соҳада ўзаро тажриба алмашишни тизимли йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.
Мусобақа давомида Ахалтака отлари иштирокида 4 та пойга, бошқа зотдор отлар иштирокида 5 та пойга ҳамда Ахалтака айғир ва бия отлари бўйича кўргазмали чиқишнинг мутлақ ғолибларига енгил автомобиллар ҳамда эсдалик совғалари берилди.
– Мазкур от пойгаларига тайёргарликни узоқ вақт давом эттирдик, – дейди “Ўзбегим отлари” заводи жамоаси аъзоси Муҳиддин Суяров. – Кўрсатган натижаларимиз кутганимиздек бўлди. Мен ҳам 1 минг 200 метр масофада Ахалтака зотли “Пула” лақабли отда ғолибликни қўлга киритдим. Бундан жуда хурсандман. Келгусида ҳам мамлакатимиз шарафини халқаро миқёсда ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз.
[gallery-29333]
Бундан ташқари, хорижлик меҳмонлар ва от спорти ихлосмандлари учун ташкил этилган махсус кўргазмада миллий йилқичилик анъаналари, от спорти маданияти ва соҳада амалга оширилаётган ишлар кенг тарғиб қилинди.
Иштирокчилар ва меҳмонлар учун турли дастурлар ташкил қилиниб, тадбир от спорти мухлислари ҳамда соҳа вакилларида катта таассурот қолдирди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА