Шаҳарсозлик лойиҳалари сифат мезонлари асосида баҳоланди
Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида бўлиб ўтган Шаҳарсозлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳудудларда амалга оширилиши режалаштирилган қурилиш ва реконструкция лойиҳалари кўриб чиқилиб, уларнинг шаҳарсозлик меъёрлари, архитектура ечимлари ҳамда аҳоли учун яратиладиган қулайликларга мувофиқлиги атрофлича муҳокама этилди.
Йиғилишда ҳар бир лойиҳа амалдаги шаҳарсозлик қонунчилиги, бош режа талаблари, архитектуравий қиёфа, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, транспорт ва пиёдалар ҳаракатини ташкил этиш, экологик талаблар ҳамда аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш мезонлари асосида баҳоланди.

Муҳокамалар якунида Ширин шаҳрида «Ремстройпроект» хусусий корхонаси томонидан ишлаб чиқилган IT-марказ қурилиши лойиҳаси ҳамда Гулистон шаҳрининг Баҳор маҳалласидаги гилам ва профнастил ишлаб чиқариш корхонасини реконструкция қилиш, қўшимча омборхоналар барпо этишга оид лойиҳа шаҳарсозлик талабларига мувофиқ деб топилиб, ижобий хулоса олди.


Шу билан бирга, Гулистон шаҳридаги «Дўстлик» канали бўйида сайилгоҳ барпо этиш ҳамда Оқолтин туманидаги чойхона биносини кенгайтириш лойиҳаларида бир қатор камчиликлар аниқланди. Хусусан, функционал ечимлар, пиёдалар ҳаракати, муҳандислик инфратузилмаси ва аҳоли учун қулайлик масалалари етарлича инобатга олинмагани қайд этилди.
Шу муносабат билан мазкур лойиҳалар кенгаш томонидан маъқулланмади ҳамда лойиҳалаш ташкилотларига аниқланган камчиликларни бартараф этиб, ҳужжатларни амалдаги шаҳарсозлик ва архитектура талаблари асосида қайта ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири