ФВВ: “Долзарб 60 кун” доирасида ёнғин хавфсизлиги чоралари кучайтирилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда республикада ёнғинларнинг олдини олиш ва аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги маданиятини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Қайд этилганидек, республикамизда 1 июлдан 30 августга қадар ёз мавсумида ёнғинларнинг олдини олиш йўналишида “Долзарб 60 кун” профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.

Анжуманда ойлик доирасида республикада фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар ҳамда ёз мавсумида хавфсизликни таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам ахборот берилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган соҳага оид қарор ва фармонлари асосида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди.

Жумладан, давлат назорати инспекторлари маҳаллаларга бириктирилиб, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизими жорий этилди. Инспекторлар учун маҳаллаларда хизмат хоналарини ташкил этиш ишлари босқичма-босқич давом этмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида вазирлик томонидан 55 минг 441 та объект, қарийб 2 миллион якка тартибдаги уй, 44 мингдан ортиқ кўп хонадонли уй ҳамда 1,5 миллионга яқин хонадонда профилактик ўрганишлар ўтказилди.

Шунингдек, аҳоли ўртасида хавфсизлик маданиятини шакллантириш мақсадида 127 мингдан ортиқ профилактик учрашув ва суҳбатлар ташкил этилди. Уларда 6 миллиондан зиёд фуқаро иштирок этди.
Ёз мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин ошиши муносабати билан ёнғинлар ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар хавфи ортиши инобатга олиниб, 2026 йил 1 июлдан 30 августга қадар республика бўйлаб “Долзарб 60 кун” профилактик тадбири эълон қилинди.

Мазкур тадбир доирасида аҳоли турар жойларида электр ва газ жиҳозларидан хавфсиз фойдаланишни назорат қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида профилактик тадбирларни кучайтириш, энергия таъминоти объектлари, бозорлар ва савдо комплексларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ўта муҳим ва хавфли ишлаб чиқариш объектларида профилактик чораларни кучайтириш каби тадбирлар амалга оширилди.
Шунингдек, дам олиш масканлари ва оромгоҳларда хавфсизликни таъминлаш, ўрмон хўжаликларида ёнғинларнинг олдини олиш, тест синовлари ўтказиладиган биноларнинг ёнғинга қарши ҳолатини талаб даражасига келтириш каби устувор вазифалар белгиланган.

Тадбирларни ҳудудларда самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Тезкор штаби фаолияти йўлга қўйилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА