Шаффоф иқтисодиёт тадбиркорликни соядан чиқаради
Президентимизнинг 2025 йил 10 декабрдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бугундан мамлакатимиз иқтисодиётининг янги саҳифасини очди. Иқтисодиётнинг шаффофлигини ошириб, нақдсиз тўловларни кенг оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш йўлида самарали қадам ташланди.
Бу қадам бизнес юритишда рақобат муҳитини ривожлантириб, яширин иқтисодиётни қисқартиради. Тадбиркорликни соядан чиқаришни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Фармонда белгиланган вазифалар амалга оширилиб, мамлакатимиз 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулотга нисбатан кузатилмайдиган (яширин) иқтисодиёт улушини 1,3 бараварга қисқартиради. Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан нақдсиз тўловлар улушини 75 фоизга етказади. Иқтисодиётнинг расмий секторида банд аҳоли улушини жами иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 64 фоизга оширилади. Иқтисодий эркинлик индекси ва Коррупцияни идрок қилиш индексида Ўзбекистон Республикасининг ўрнини камида 30 поғонага кўтаради.
Шу мақсадда бугун, яъни 1 апрелдан бошлаб Давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик сувидан фойдаланиш учун (банк кассалари орқали тўловлар бундан мустасно), алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотишда, ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электр транспорт воситаларини зарядлаш хизматларида, қиймати 25 миллион сўмдан ортиқ товар ва хизматлар учун (қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бундан мустасно), кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига ўн йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифадаги транспорт воситалари ҳамда махсус автотранспорт воситаларининг олди-сотдисида тўловлар фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширила бошлади.
Кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларининг олди-сотдисида ҳисоб-китоблар банк ва нотариал органларнинг ахборот тизимлари ўртасидаги маълумот алмашинуви орқали амалга оширилади.
Бунинг учун Марказий банк жорий йил 1 январгача барча савдо ва хизмат кўрсатувчи юридик шахслар учун ягона QR-кодни жорий этди. Шу йил 1 июлдан бошлаб эса барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахсларда ягона QR-код орқали электрон тўловларни қабул қилиш мажбурий бўлади. Ягона QR-коддан фойдаланмаслик савдо қоидаларини бузиш, деб ҳисобланади. Шунингдек, жорий йил 1 июлдан назорат ва текширувларнинг янги тартиби йўлга қўйилиб, тадбиркорликка асоссиз аралашувларнинг олдини олиш учун тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган айрим текширувлар боди-камерадан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Бу қонунбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Фармон билан солиқ ва божхона соҳасида ҳам қатор муҳим чоралар белгиланган бўлиб, унга кўра:
(а) импорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотларининг тўққиз ой (гўшт ва ҳўл мева-сабзавотларнинг уч ой) давомида сотилмаганлиги ва қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз бараваридан ортиқ бўлган ушбу маҳсулотлар қолдиқда турганлиги ҳолати сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун асос ҳисобланади;
(б) кўчмас мулк объектлари ва қурилиш материаллари бўйича солиқ базаси ушбу товарларнинг бозор баҳосидан келиб чиқиб аниқланади;
(в) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний шахсларга электрон шаклда хизматлар кўрсатувчи ва товарлар сотувчи чет эл юридик шахслари солиқ органида рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритаётгани аниқланиб, рўйхатдан ўтиш тўғрисида хабарнома юборилгандан кейин 30 кун ичида рўйхатдан ўтмаган тақдирда, ушбу юридик шахсларнинг Ўзбекистондаги фаолияти чекланади;
(г) қурилиш ва савдо соҳаларидаги юридик шахслар томонидан ўзларининг устав капитали ва ундаги ўзгаришлар, шу жумладан, устав капиталига киритилган товарлар тўғрисидаги маълумотларнинг (электрон ҳисобварақ-фактура, онлайн назорат касса техникаси чеки, божхона юк декларацияси, нотариус томонидан тасдиқланган олди-сотди шартномаси ва бошқа ҳужжатлар) ҳисоби юритилади ва мазкур турдаги операциялар амалга оширилгандан сўнг 15 кун муддатда шахсий кабинет орқали солиқ органлари маълумотлар базасида мажбурий акс эттирилади;
(д) қўшилган қиймат солиғи суммасини текширувларсиз тезлаштирилган тарзда қайтариш тартиби таъсисчиси ёки раҳбари солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноятларни содир этган тадбиркорлик субъектларига, шунингдек, бундай тадбиркорлик субъектларининг таъсисчиси ёки раҳбари томонидан охирги 12 ойда янги ёки қайта ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилмайди;
(ж) камерал солиқ текширувини ўтказишда солиқ органлари аниқлаган тафовутни асослаш учун солиқ тўловчилар томонидан қўшимча ҳужжатлар тақдим этилганда солиқ органлари томонидан уларнинг кўриб чиқилиши мажбурий ҳисобланади. Бунда камерал солиқ текшируви натижаси бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар солиқ тўловчи томонидан белгиланган муддатда бартараф этилган ҳамда солиқлар ва йиғимлар, шу жумладан, пенялар тўлиқ тўланганда юридик шахснинг мансабдор шахслари жиноий ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа жавобгарликдан озод қилинади;
(з) сотувчи томонидан лицензияланадиган ёки рухсат этиш ёхуд хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турлари бўйича товарлар реализация қилинганда, ушбу сотувчининг лицензияси (рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ёки хабарнома) мавжудлиги автоматлаштирилган тарзда текширилиб, ҳисобварақ-фактура расмийлаштиришга рухсат берилади.
Божхона расмийлаштирувини соддалаштириш мақсадида бир хил турдаги товарларга мувофиқлик ва экологик сертификат бир йилга бир маротаба берилади.
Фармон иқтисодиётни рақамлаштириб, шаффофликни таъминлаш ва бизнес муҳитини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда. Эндиликда нафақат яширин иқтисодиёт тубдан қисқартирилади, балки аҳоли ва тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароит яратилиб, халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрнини кўтаришда муҳим омил бўлади.
Шавкат Яхшиқулов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Сурхондарё вилоят шўъбаси етакчи инспектори.
ЎзА