Бюджет маблағлари очиқланди
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан “Бюджет ва маблағлар: ажратилган пул қаерга ва қандай сарфланади” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Камолжон Холиқов давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, уларнинг йўналтирилиши ҳамда бу жараёнда амалга оширилаётган назорат механизмлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Анжуманда таъкидланганидек, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш давлат бошқарувида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Шу муносабат билан молиявий интизомни кучайтириш, ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олиш ҳамда жамоатчилик назоратини янада фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумотларга кўра, адлия бошқармаси томонидан 2026 йилнинг 1-чорагида бюджет маблағлари ҳисобидан жами 1 млрд 395 млн сўм миқдорида харажатлар амалга оширилган. Шундан, иш ҳақи учун 1 млрд 81 млн сўм, 25 фоизлик ижтимоий солиқ учун 266 млн сўм, электр энергияси учун эса 48 млн сўм сарфланган.
[gallery-29112]
Шунингдек, бюджет маблағларидан фойдаланишда шаффофликни таъминлаш мақсадида ички назорат тизимлари ва ҳисобот бериш механизмлари янада такомиллаштирилаётгани қайд этилди. Бу эса молиявий интизомни мустаҳкамлаш ва ресурслардан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Тадбирда жамоатчилик назоратини кучайтириш, ОАВ билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ҳар бир сарф-харажат юзасидан очиқликни таъминлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Матбуот анжумани очиқ мулоқот руҳида ўтиб, иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар батафсил жавоб қайтардилар.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА