Сергелида шаҳарсозлик қоидаларига риоя этилиши ҳолати ўрганилди
Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Севара Файзиева ҳамда Кенгашнинг Қурилиш, коммунал, сув хўжалиги, экология, саноат ва транспорт масалалари бўйича доимий комиссияси аъзолари, Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси масъуллари иштирокида Сергели туманида ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Ўрганишлар жараёнида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши, давлат архитектура назоратини янада такомиллаштириш, қурилиш соҳасида аниқланаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича механизмларни рақамлаштириш, энергия тежамкор қурилиш материаллари ва замонавий технологияларни жорий этиш масалалари эътибор марказида бўлди.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, Сергели туманининг Ўзгариш маҳалласида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022–2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга оширишга доир қарори ижроси доирасида маҳалла ҳудудида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.
Маҳалла аҳолиси, айниқса, ёшларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун замонавий болалар майдончалари, воркаут зоналари, амфитеатр ва фаввора барпо этилиб, фойдаланишга топширилган. Ҳудуддаги кўп қаватли уйларнинг фасад қисмлари таъмирланиб, замонавий меъморий кўриниш шакллантирилган.

Ўрганишлар якунида депутатлар томонидан қурилиш ва реконструкция ишлари сифати, яратилаётган инфратузилманинг амалдаги ҳолати, шаҳарсозлик талаблари ва белгиланган лойиҳаларнинг ижроси юзасидан масъул ташкилотлар вакилларининг ахборотлари тингланди ҳамда тегишли тавсиялар билдирилди.
М.Комилова, ЎзА