Президент мулоқоти олдидан тадбиркорлар муаммолари ўрганилмоқда
20 август - Тадбиркорлар куни арафасида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан анъанавий мулоқоти олдидан вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар томонидан ҳудудларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилмоқда, мулоқотда кўтариладиган масалалар муҳокама қилинмоқда.
Самарқандда ҳам мулоқотга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Эътиборлиси, давлат раҳбарининг бу йилги, олтинчи очиқ мулоқоти Самарқандда ўтказилиши кўзда тутилган.
- Тадбиркорлар билан учрашувга тайёргарлик кўриш бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан тегишли идоралар масъулларидан иборат штаб таркиби тасдиқланган, - дейди Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи, тадбиркорлар билан очиқ мулоқот штаби котиби Фазлиддин Раҳматов. - Штаб фаолиятини самарали ташкил қилиш мақсадида бошқармада зарур шароитлар яратилди, тадбиркорлар билан мулоқот тизими йўлга қўйилди. Шунингдек, вилоятдаги тадбиркорлик соҳасига тегишли бўлган 37 идора ва ташкилот томонидан 15 майдан 15 августгача ҳар куни тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиш режа-жадвали тузилган ва айни пайтда бу тадбирлар давом этмоқда.
Хусусан, вилоят ҳокимлиги томонидан шу пайтгача тадбиркорлар билан 13 та учрашув ўтказилди. Бу учрашувларда 249 тадбиркорлик субъекти томонидан билдирилган муаммоли масалалар кўриб чиқилиб, уларнинг 140 таси ижобий ҳал этилди, 43 тасига рад жавоби ва 66 таси юзасидан тушунтириш берилди. Мурожаатларнинг 42 таси солиқ, банк-молия тизимлари, 35 таси аукцион савдолари, ер ва бино-иншоот ажратиш, 56 таси коммуникация тармоқларига уланиш, архитектура ва кадастр, 24 таси фаолиятга ноқонуний аралашув, 22 таси рухсатнома ва лицензия олиш масалалари билан боғлиқ бўлди.
Ҳар бир мурожаат тегишлилиги бўйича масъул идора ва бошқармалар томонидан ўрганилиб, ечими бўйича хулосалар берилмоқда.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири