Онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва ўлим кўрсаткичларини камайтириш – долзарб вазифа
“Юксалиш” ҳаракатининг Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан Республика онкология ва радиология илмий-амалий маркази Навоий филиалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва ўлим кўрсаткичларини камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
“Юксалиш” ҳаракатининг жамоатчилик гуруҳи аъзолари, халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутатлари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда филиал раҳбари Рустам Ҳамроевнинг соҳада белгиланган чора-тадбирлар ижроси юзасидан ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, инсон саломатлигига дахлдор ҳар бир масала жамият эътиборида бўлиши табиий. Айниқса, онкологик касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш бугун соғлиқни сақлаш тизими олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир.
Навоий вилоятида ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар “Юксалиш” ҳаракатининг вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан ўтказилган жамоатчилик мониторинги давомида атрофлича ўрганилди.
Бугунги кунда вилоятда онкология хизмати Республика онкология ва радиология илмий-амалий маркази Навоий вилояти филиали орқали кўрсатилмоқда. 95 ўринли стационар ва 50 қатновга мўлжалланган поликлиникадан иборат муассаса вилоят аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатишда муҳим ўрин тутади.
Онкологик касалликка чалинган беморларни даволаш билан бирга, касалликни эрта босқичда аниқлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шаҳар ва туманларда онколог мутахассислар томонидан диспансер кузатуви ва паллиатив ёрдам кўрсатилмоқда. Бошқа соҳа мутахассислари иштирокида эса онкологик касалликлар профилактикаси ва бирламчи скрининг ишлари амалга оширилмоқда.
Мониторинг жараёнида филиалнинг ташхис қўйиш ва даволаш имкониятлари ҳам ўрганилди. Ҳозирги кунда муассасада МРТ, МСКТ, рақамли рентгенография, УТТ, маммография, клиник-биохимик таҳлиллар, цитологик ва гистологик текширувлар, иммуногистохимия текширувларини ўтказиш учун зарур жиҳозлар мавжуд.
Даволаш йўналишида ҳам замонавий усуллар қўлланилмоқда. Жумладан, гамма-нур терапияси ва брахитерапия каби муолажаларни амалга ошириш имконияти яратилган. Оператив даволаш учун филиалда 3 та операция хонаси зарур ускуналар билан жиҳозланган.
2025 йил давомида филиалда 6 541 нафар бемор даволанган. Онкожарроҳ ва онкогинекологлар томонидан 573 нафар беморда турли юқори технологияли оператив муолажалар ўтказилган.
Сўнгги беш йилда филиалга марказлашган тартибда қарийб 100 миллиард сўмлик грант маблағлари ҳисобидан 49 турдаги юқори технологияли замонавий тиббий ускуналар олиб келинган.
Шу билан бирга, жамоатчилик мониторинги жараёнида мавжуд имкониятлар билан бир қаторда ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ҳам борлиги маълум бўлди. Жумладан, 55 ўринга мўлжалланган химия-паллиатив даво биноси қурилиб, 2024 йилда фойдаланишга топширилиши белгиланган бўлса-да, ҳанузгача ишга туширилмаган. МРТ ва МСКТ ускуналарига сервис хизмати кўрсатиш учун 800 миллион сўм маблағ зарур.

Филиалнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш учун асосий бинони реконструкция қилиш, электр тизимини қайта кўриб чиқиш, носоз чиллер тизимларини таъмирлаш, лаборатория ва бўлимларни замонавий ускуналар билан таъминлаш каби вазифалар ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Айниқса, лаборатория учун турли қувватдаги UPS қурилмаларини харид қилиш зарурати бор.
Мониторингда тиббий хизмат турларини кенгайтириш масалалари ҳам кўтарилди. Жумладан, болалар онкологияси, болалар ва катталар онкогематологияси хизматларини филиал таркибига киритиш, урология ва нейрохирургия йўналишларини ташкил этиш, замонавий оператив даволаш усулларини жорий қилиш зарур.
Тиббий хизмат сифати эса дори-дармон таъминоти билан ҳам чамбарчас боғлиқ. 2025 йилда филиалга давлат бюджети ҳисобидан 20,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Марказлашган маблағлар ҳисобидан 5,3 миллиард сўмлик кимёвий препаратлар тақсимланган.
Шу билан бирга, бир ўрин кун учун дори-дармонларга бўлган умумий эҳтиёж 317 517 сўмни ташкил этгани ҳолда, филиал томонидан 212 778 сўмлик, яъни 67 фоизлик таъминот таъминланган. Кимёвий терапия бўйича эҳтиёжнинг 90 фоизи қопланган бўлса, бюджет ҳисобидан зарур дори воситалари билан таъминланиш даражаси 39,8 фоизни ташкил этган. Бу эса молиялаштириш ва дори таъминоти масаласини янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатади.
Айни пайтда филиалда молиялаштириш тизимида ҳам ўзгаришлар амалга оширилмоқда. 2025 йил 1 январдан Давлат тиббий суғурта фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштириш бошланган. Ҳужжатларни юритишда DMED дастури, онкологик касалликларни доимий статистик кузатиш мақсадида эса Cancer Registry платформаси йўлга қўйилган.
Жамоатчилик эшитувида бир гуруҳ депутатлар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир сўнггида кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири