Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқариб бораётган мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда.
Ялпи мажлис биринчи иш кунида лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда маҳсулотларни ўз ихтиёри билан чақириб олган тадбиркорларга енгиллик беришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, шунингдек медиация институтини такомиллаштиришга қаратилган қонунлар маъқулланди. Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳамда бошқа бир қатор қонунларга ўзгартиришлар киритишга оид қонунлар кўриб чиқилди.
[gallery-24595]
Мажлиснинг иккинчи иш кунида “Халқаро метрик Конвенцияга (Париж, 1875 йил 20 май, 1907 йил 17 октябрдаги, 1913 йил 11 октябрдаги ва 1921 йил 6 октябрдаги ўзгартириш ва қўшимчалар билан) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолига тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмига кирадиган хизматларни кўрсатиш, шунингдек тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касбий фаолиятини амалга ошириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама қилинади.
Бош прокурорнинг прокуратура органларининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади. Бундан ташқари, ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ҳамда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш, уларга квота ажратиш ҳамда соҳада илмий тадқиқотлар олиб бориш юзасидан эса тегишли вазирга парламент сўровлари юборилади.
Ялпи мажлис доирасида ҳукумат аъзолари, тегишли вазирлик ва идора раҳбарларининг ахборотларини эшитиш ҳамда жойларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан атрофлича муҳокамалар олиб бориш режалаштирилган.
Ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА