Зоминда “ақлли қишлоқ хўжалиги”га старт берилади
Президент қарори ижроси амалда
Юртимизда қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, тармоққа инновацион ечимлар ва илғор технологияларни жорий этишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 январдаги “Қишлоқ хўжалигини рақамлаштиришни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада замонавий ёндашувларни кенг татбиқ этиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда бошқарув тизимини такомиллаштиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур вазифалар ижроси доирасида Жиззах вилоятининг Зомин туманида “ақлли қишлоқ хўжалиги” йўналишида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бошланди.
— Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида рақамли технологиялардан фойдаланиш самарадорликни оширишнинг энг муҳим омилига айланмоқда. – дейди Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев лойиҳа юзасидан ўз фикрларини билдириб. – “Ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳаси орқали туманда ер ресурсларидан фойдаланишни тўлиқ шаффоф ва аниқ тизимга ўтказишни мақсад қилганмиз. Рақамли харита асосида ҳар бир гектар ер бўйича аниқ маълумот шаклланади. Дронлар ва сунъий интеллект эса экинлар ҳолатини реал вақт режимида мониторинг қилиш имконини беради. Энг муҳими, қарорлар тезкор ва илмий асосда қабул қилинади.

Унинг таъкидлашича, мазкур ташаббус ҳосилдорликни ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва туман қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Лойиҳанинг энг муҳим жиҳати республикада илк бор “рақамли қишлоқ хўжалиги харитаси”ни яратиш орқали ягона интеллектуал маълумотлар базасини шакллантиришдир. Ушбу пилот лойиҳа орқали ер майдонлари ва қишлоқ хўжалиги ресурслари тўғрисидаги маълумотлар ягона тизимга жамланади ҳамда бошқарув самарадорлиги оширилади.
Шунингдек, захирадаги яйлов ва лалми майдонлар тўлиқ рақамлаштирилиб, дронлар орқали экинлар ҳолати, тупроқ намлиги, зараркунандалар ва касалликлар тарқалиши, суғориш жараёнлари реал вақт режимида кузатиб борилади. Бу фермер ва деҳқонларга тезкор ва аниқ қарор қабул қилиш имконини кенгайтиради.
Илғор технологиялар жорий этилиши доирасида ҳосилдорликни прогноз қилиш, сунъий интеллект элементларидан фойдаланиш ҳамда аэрокосмик мониторинг орқали ерлар ҳолатини баҳолаш каби замонавий ечимлар татбиқ этилади. Натижада ресурслардан тежамкор фойдаланиш таъминланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми ва сифати оширилади.
Мутахассислар фикрича, бундай инновацион лойиҳалар қишлоқ хўжалигини индустриал ривожланиш босқичига олиб чиқиб, ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири