Халқаро миграция форумидан кўзланган мақсад нима?
Ҳозирги глобаллашув даврида миграция дунё миқёсидаги энг долзарб ижтимоий-иқтисодий жараёнлардан бирига айланди. Айниқса, меҳнат миграцияси кўплаб давлатлар иқтисодиётига таъсир кўрсатиб, миллионлаб инсонлар ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда.

Ўзбекистонда ҳам миграция масаласи давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётган соҳалардан биридир. Шу боис юртимизда хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимиз ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларга ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, хавфсиз ва қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шулар ҳақида ЎзА мухбири Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги бўлим бошлиғи Исломжон Хамроев билан суҳбатлашди.
– Айтингчи, бугунги кунда агентлик қайси давлатлар билан меҳнат миграцияси соҳасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда? Миграция географиясини кенгайтириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Юртдошларимизни хорижда қонуний, сифатли ва сердаромад иш билан таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, миграция географиясини кенгайтириш асосий мақсадларимиздан. Шундан келиб чиқиб, Европа Иттифоқи, жумладан “Нордик давлатлар”, АҚШ, Япония меҳнат бозорларида юқори даромадли ишларга қонуний ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Агентлик томонидан 2030 йилгача 50 000 фуқарони “Нордик давлатлар”га ишга юбориш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқилди. Италия, Чехия, Корея, АҚШ элчихоналари, Словакия, Туркия, Беларусь, Бошқирдистон Бандлик вазирликлари, Тюмень, Гродно Намвон ҳокимликлари, Италия, Словения, АҚШ, Туркия аграр идоралари, МХТ, Евросиё барқарорлаштириш жамғармаси, Германия Иқтисодий жамоаси билан миграцияга оид икки томонлама манфаатли учрашувлар ўтказилди.
Яқинда “Honchos LLC” ва “USA Farm Labor” компаниялари билан АҚШга H-2A виза дастури доирасида мавсумий ишга жалб қилишга келишилди. Талабномалар олинди, жараён босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда. Эътиборлиси, Европа минтақаси 47 000, Осиё-Тинч океани минтақаси 13 000, Яқин Шарқ ва Форс кўрфази давлатлари 6 000, МДҲ давлатлари 36 000, Италиянинг 5, АҚШнинг 2, Испания ва Франциянинг биттадан ташкилоти билан фуқароларни қишлоқ хўжалиги соҳасида мавсумий ишга жалб қилиш бўйича келишувлар имзоланди. Ушбу давлатларда 10 000 юқори малака талаб этилмайдиган иш учун вақти давомийлиги бир йилгача бўлган аграр соҳа мутахассисларига буюртма олинди.
– Фуқароларимизни хорижда қонуний ва хавфсиз иш билан таъминлаш учун қандай механизмлар жорий этилган?
– Фуқароларни хорижда қонуний ва хавфсиз иш билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасида қатор ҳуқуқий, ташкилий ва профилактик механизмлар жорий этилган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 апрелдаги қарори билан хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни тайёрлаш, хорижга уюшган ҳолда юбориш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг комплекс тизими белгиланган. Мазкур қарорга мувофиқ, хорижга ишга юборишдан олдин фуқаролар билан мослаштириш ва кўниктириш тадбирлари амалга оширилади. Уларга меҳнат қонунчилиги, миграция қоидалари, яшаш ва меҳнат шароитлари, хавфсизлик қоидалари, хорижда ҳуқуқий ҳимоя олиш тартиби ҳамда ноқонуний меҳнат миграциясининг оқибатлари тушунтирилади.
Фуқаролар хорижга фақат тасдиқланган иш берувчилар ва расмий меҳнат шартномалари асосида юборилади. Меҳнат шартномаларида иш ҳақи, иш вақти, яшаш шароити, тиббий суғурта, транспорт ва бошқа ижтимоий кафолатлар аниқ белгиланади.
Хорижга кетувчи фуқароларнинг касбий ва тил кўникмаларини ошириш ҳам муҳим ҳисобланади. Айрим давлатларга юборишда фуқаролар учун хорижий тил ва касбга тайёрлаш курслари ташкил этилиб, халқаро сертификат олиш тизими жорий қилинган.
Фуқароларнинг ҳуқуқларини хорижда ҳимоя қилиш мақсадида Миграция агентлигининг хорижий давлатларда ваколатхоналари фаолият юритмоқда. Ушбу ваколатхоналар орқали меҳнат низоларини ҳал қилиш, иш берувчилар билан музокаралар ўтказиш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва оғир аҳволга тушиб қолган фуқароларга кўмак бериш ишлари амалга оширилади.
Шу билан бирга, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида субсидия, компенсация ва имтиёзли молиявий ёрдам механизмлари ҳам жорий қилинган. Хусусан, айрим давлатларга кетиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, тил ўрганиш ва касбга тайёрлаш харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш тартиби белгиланган.
– Хорижда ишлаётган фуқароларимизга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизими қандай ташкил этилган?
– Миграция агентлиги томонидан хорижда бўлиб турган ўзбекистонликларнинг мурожаатларини тезкор қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда зарур ҳолларда ҳуқуқий амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида бир қатор алоқа турлари йўлга қўйилган. Хусусан, маълумот бериш маркази, телефон ва махсус дастур орқали агентликнинг қисқа ишонч телефони – 1282 га дунёнинг барча давлатларидан қўнғироқ қилиш бепул. Махсус дастур: www.xorijdaish.uz платформасидаги SOS тугмаси жорий этилган. Мазкур алоқа воситалари орқали фуқаролар меҳнат миграцияси, ҳуқуқий ёрдам, ҳужжатлаштириш, қайтиш масалалари ҳамда бошқа муаммолар юзасидан мурожаат қилишлари мумкин. Бундан ташқари яна бир қатор ижтимоий тармоқлар орқали ҳам мурожаатларни қабул қилиш тизими жорий этилган.
Бу тизимлар хориждаги фуқаролар билан доимий алоқани таъминлаш, мурожаатларни марказлашган тарзда қабул қилиш ва тезкор кўриб чиқиш имконини бермоқда.
– Сўнгги йилларда қайси йўналишларда натижага эришилди? Қандай муаммолар ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда?
– Қайд этиш керак, 2025 йил давомида мамлакатимизга хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг 18,9 миллиард доллар миқдорида пул ўтказмалари келиб тушди. Бу ўтган йил шу даврига нисбатан 28 фоиз кўп. Афсуски, хорижда меҳнат фаолиятини ташкил этиш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, айрим муаммолар ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. Хусусан, лицензия олмасдан хорижга ишга жойлаштириш билан шуғулланаётган консалтинг ва воситачилик ташкилотлари фаолияти асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Мазкур ташкилотлар фуқароларни расмий меҳнат шартномаларисиз, иш шароитлари ва ҳуқуқий кафолатларини тўлиқ тушунтирмасдан хорижий давлатларга юбориши ҳолатлари кузатилмоқда.
Натижада айрим фуқаролар хорижий давлатларга етиб боргандан сўнг ноқонуний меҳнат фаолиятига жалб қилиниши, виза ёки миграция талабларини бузиши оқибатида нолегал мақомга ўтиб қолмоқда. Бу эса фуқароларнинг оғир ижтимоий ва меҳнат шароитларига тушиб қолиши, меҳнат ҳуқуқлари бузилиши, иш ҳақи тўланмаслиги, депортация қилиниши ҳамда ҳуқуқий ҳимоясиз қолишига сабаб бўлмоқда.
Фуқароларнинг хорижий давлатларда нолегал мақомда бўлиши Ўзбекистон Республикасининг халқаро имижига салбий таъсир кўрсатмоқда. Айрим давлатларда миграция тартиби кучайтирилиши, қўшимча чеклов жорий қилиниши, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига нисбатан ишонч пасайиши каби ҳолатлар ҳам кузатилмоқда.
Шу сабабли лицензиясиз фаолият юритаётган ташкилотларга қарши назорат чораларини кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ҳамда уларни фақат расмий ва кафолатланган меҳнат механизмлари орқали хорижга юбориш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шундан келиб чиқиб, фуқароларни ноқонуний воситачилар ва лицензиясиз консалтинг ташкилотлари фаолиятидан ҳимоя қилиш мақсадида бир қатор амалий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, хорижга ишга жойлаштириш соҳасида лицензиясиз фаолият юритаётган ташкилотларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш бўйича назорат тадбирлари кучайтирилган. Фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар асосида текширувлар ўтказилиб, ноқонуний фаолият юритаётган ташкилотларга нисбатан иқтисодий ва маъмурий таъсир чоралари қўлланмоқда.
Шунингдек, аҳоли ўртасида тушунтириш ва огоҳлантириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, маҳаллалар ва ҳудудий филиаллар орқали фуқароларга хорижга фақат расмий ва лицензияга эга ташкилотлар орқали ишга кетиш зарурлиги ҳақида мунтазам тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
– Хабарингиз бор 18-19 май кунлари Тошкентда Халқаро миграция форуми ўтказилади. Бу нуфузли анжуманнинг Ўзбекистонда ўтказилишидан кўзланган мақсад нима?
– Дарҳақиқат, келаётган ҳафта “International Organization for Migration” (IOM) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ҳамкорлигида Тошкент халқаро миграция форуми ўтказилади. Бу нуфузли тадбирга халқаро ташкилотлар, давлат идоралари, бизнес доиралари ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 дан ортиқ вакили иштирок этиши кутилмоқда.
Анжуман юртимизда ташкил этилишидан асосий мақсад – миграция соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва хавфсиз, тартибли ҳамда қонуний миграция тизимини ривожлантиришдан иборат.
Форум орқали Марказий Осиё давлатлари ва халқаро ташкилотлар ўртасида миграция масалалари бўйича мулоқотни кучайтириш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, одам савдоси, ноқонуний миграция ва меҳнат эксплуатациясига қарши курашиш, мигрантларга ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизмларини такомиллаштириш, хавфсиз ва қонуний меҳнат миграцияси учун янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш, Ўзбекистоннинг миграция соҳасидаги ислоҳотлари ва тажрибасини халқаро майдонда намоён этиш мақсад қилинган.
Бир сўз билан айтганда бу форум Ўзбекистоннинг халқаро миграция сиёсатидаги нуфузини ошириш, хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар учун муносиб ва хавфсиз шароит яратишга қаратилган ташаббусларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа вазифасини бажаради.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова суҳбатлашди.