Сенат Раиси: Оилалар барқарорлигини таъминлайдиган самарали, манзилли тизим яратиш зарур
Сенат ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисига мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 майдаги 257-сонли қарори асосида республикамиздаги 208 туман ва шаҳарда “Оила ва хотин-қизлар масканлари” фаолияти йўлга қўйилгани қайд этилди.
Мазкур масала бўйича маъруза қилган Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова никоҳланувчилар учун 16 соатлик “Маиший зўравонликсиз бахтли оилавий ҳаётга тайёрлаш” махсус ўқув дастури ишлаб чиқилганини таъкидлади.
Фуқаролик ишлари бўйича судларда никоҳдан ажратишга доир ишларни кўриб чиқиш жараёнида 2025 йилда 5 минг 235, 2026 йил биринчи ярмида 2 минг 666 ишда тарафлар яраштирилган.
2026 йилнинг биринчи ярмида 93 минг 312 никоҳ қайд этилиб, 96 минг 673 нафар никоҳланувчи ёшлар ушбу курсларда ўқитилган.
Низоли оилалар билан манзилли ишлашга мўлжалланган ayol.gov.uz платформасида “Оила” профили модули ишга туширилган.
Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан оилавий низоларни барвақт аниқлаш, масъулиятли ота-оналикни ривожлантириш ва медиатив усулларни қўллашга қаратилган илмий-услубий қўлланмалар тайёрланган.

Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ечимини кутаётган масалаларга ҳам эътибор қаратилди. 2026 йилнинг ўтган даврида оилавий низолар бўйича атиги 151 медиатив келишув тузилгани никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш ва оилавий низоларни ўзаро келишув асосида ҳал этишда медиаторларнинг мавжуд салоҳиятидан етарли даражада фойдаланилмаётгани таъкидланди.
Мазкур масала бўйича муносабат билдиган Сенат Раиси Танзила Норбоева бугунги кунда энг долзарб масалалардан бири – ҳар бир инсонни бевосита ташвишга соладиган оила ва оила мустаҳкамлиги масаласи эканини таъкидлади.

– Бу жараён, аввало, инсон қадрини улуғлаш тамойилига асосланмоқда, – деди Т.Норбоева. – Зеро, инсон қадри, энг аввало, оила тинчлиги ва барқарорлигида намоён бўлади. Шу нуқтаи назардан, никоҳдан ажралишни оддий фуқаролик ҳолатидаги ўзгариш сифатида баҳолаш мумкин эмас. Бу – оилавий қадриятлар заифлашишига, энг муҳими, фарзандлар тақдирига салбий таъсир кўрсатадиган жиддий ижтимоий, маънавий ва ахлоқий муаммодир. Шунинг учун қабул қилинган қарорлар асосидаги чора-тадбирларни изчил давом эттиришимиз керак. Бу масалага фақат “назоратга оламиз” деган ёндашув етарли эмас. Оила мустаҳкамлиги доимий равишда устувор вазифа бўлиши лозим. Энг муҳими, барча оилаларга бир хил ёндашувдан воз кечиш керак. Ҳар бир оиланинг муаммоси, эҳтиёжи ва имконияти турлича. Шунинг учун зарур ҳолларда маҳалла кесимида оилаларнинг ҳолатидан келиб чиқиб, уларни қўллаб-қувватлаш ва барқарорлаштириш бўйича аниқ, манзилли режалар ишлаб чиқилиши лозим. Бунда нафақат ижтимоий ва психологик, балки ҳуқуқий механизмлардан ҳам тўлиқ фойдаланишимиз шарт. Қонунчилигимизда оилаларни ҳимоя қилишга қаратилган самарали нормалар етарли. Энди асосий масала – уларни амалиётда тўлиқ ва самарали қўллаш. Оила ва хотин-қизлар масканлари фаолиятини ҳам чуқур таҳлил қилиш зарур. Уларнинг ҳақиқий эҳтиёжи, самарадорлиги ва фаолияти учун зарур ташкилий-ҳуқуқий асослар аниқ белгилаб олиниши керак. Оила институтини мустаҳкамлаш, никоҳ тузиш ва никоҳдан ажралишнинг психологик жиҳатларини ўрганиш бўйича олиб борилаётган тадқиқотларни давом эттириб, уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ қилиш лозим. Умуман, асосий мақсадимиз аниқ: оилаларни сақлаб қолиш, уларда соғлом муҳитни шакллантириш, ажралишларнинг олдини олиш ва ҳар бир оиланинг барқарорлигини таъминлайдиган самарали, манзилли тизимни яратишдир.

Сенаторлар ўз чиқишларида ҳал этилиши лозим бўлган қатор вазифалар, шу жумладан, никоҳланувчи ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ўқувларнинг сифати ва амалий самарадорлигини ошириш, низоли оилаларга психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдамни манзилли кўрсатиш, эрта никоҳларнинг олдини олиш ҳамда илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга татбиқ этиш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА