Электрон давлат хизматлари сони 600 тадан ошди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзЛиДеП фракцияси ҳамда Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси ташаббуси билан навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда “Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари учун давлат хизматлари кўламини кенгайтириш ва маъмурий жараёнларни соддалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан депутатларнинг саволларига Адлия вазири Акбар Тошқулов жавоб берди.
Вазир ўз маърузасида қайд этганидек, сўнгги йилларда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва рақамлаштириш, аҳоли билан давлат идоралари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жорий йилдан давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган “Бюрократияни бартараф этиш – 2030” дастури ишга туширилди. Дастур доирасида давлат хизматларини тез ва қулай олиш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Бу орқали ортиқча тартиб-таомиллар қисқартирилиб, жараёнлар очиқ ва шаффоф бўлиши таъминланмоқда.
Қайд этилганидек, 2025 йилда 184 минг 520 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 232 минг 420 тани ташкил этиб, 21 фоизга ошган.
2026 йил 1 январидан бошлаб “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жорий этилгани орқали тадбиркор бизнесини рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда ҳисоб рақам очиш, электрон имзо олиш, лицензия ва рухсатнома олиш, виртуал касса машиналарини солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш каби хизматлардан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
Лицензия ва рухсатномалар олиш жараёнларини енгиллаштириш мақсадида 161 та лицензия ва рухсат бериш талаблари бекор қилинди. Шунингдек, 115 та лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомиллари янада соддалаштирилди.
“Лицензия” ахборот тизими ишга туширилгач, ушбу тизим орқали сўнгги 5 йил ичида қарийб 1,8 млндан ортиқ лицензия ва рухсатномалар берилди. Бу орқали тадбиркорлик субъектларининг лицензия ва рухсатномаларни олиш билан боғлиқ 500 млрд сўмдан ортиқ маблағлари иқтисод қилинишига эришилди.
Электрон давлат хизматларини ривожлантириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017 йилда 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 600 тадан, Ягона порталда 900 тадан, кўрсатилган хизматлар сони эса 50 миллиондан ошди.
“Ҳукумат соати”да Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Вазирнинг маълум қилишича, рақамлаштириш натижасида 28 турдаги хизматларни реал вақт режимида олиш имконияти яратилди. Бугунги кунда йилига 11 миллионга яқин хизматлар автоматик равишда кўрсатилмоқда. Шунингдек, 24/7 режимда давлат хизматлари соҳасидаги саволларга жавоб бериш учун Оdil АI сунъий интеллект модели жорий қилинди.
Давлат хизматларини кўрсатишда ва маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда 150 турдаги маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилиниб, уларни давлат органлари ва ташкилотлардан “Рақамли ҳукумат” платформаси орқали мустақил равишда олиш йўлга қўйилди. Бу эса ортиқча ҳужжатбозликни камайтириб, давлат хизматларидан фойдаланишни янада осонлаштиради.
“Ҳукумат соати”да депутатлар томонидан бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди ва якунда кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.
М.Комилова, ЎзА