Сайёр қабулда фуқароларнинг кадастрга оид муаммолари ҳал бўлди
Пойтахтимизда Кадастр агентлиги директори ўринбосари А.Абдуллаев томонидан тизим мутасаддилари иштирокида сайёр қабул ўтказилди.
Aҳолининг кадастр ва ер-мулк ҳужжатларига оид мурожаатларини бевосита жойида тинглаш, уларнинг долзарб масалаларини ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган тадбирда 50 дан ортиқ фуқаролар иштирок этди.

Қабулда пойтахтимиз туманларидан ташриф буюрган фуқаро ва тадбиркорларнинг кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш, кадастр паспортини расмийлаштириш, мулкка эгалик ҳуқуқини олиш, мерос ҳамда ерни хусусийлаштиришга доир савол ва муаммолари тингланиб, тегишли ечим, ҳуқуқий тушунчалар берилди.

Жумладан, қабул давомида фуқаронинг мурожаатлари тингланди. Шундан 10 та мурожаат ижро учун қабул қилинди. 2 нафар фуқаронинг масаласи жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар эса тегишли ташкилотларга йўналтирилди.
Шунингдек, йиғилганларга Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни бўйича эгалик ҳуқуқларини эътироф этиш жараёнлари, тасдиқланган режа-жадвал асосида маҳаллалар ҳудудида олиб борилаётган хатлов ишларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Бундан ташқари ер участкаларидан самарали фойдаланиш зарурлиги, ерга оид ҳуқуқбузарликлар учун эса жазо муқаррарлиги алоҳида қайд этилди.
Кадастр агентлиги томонидан соҳага оид муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, уларни тезкор ва шаффоф тартибда бартараф этиш, шунингдек, давлат хизматларидан фойдаланишда фуқаролар ишончини оширишда муҳим аҳамият касб этаётган бу каби учрашувлар режа-график асосида доимий равишда ўтказиб борилмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА