“Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси ёшларга нима беради?
Куни кеча мамлакатимиз ёшлар сиёсатидаги мутлақо янги босқични бошлаб берувчи муҳим ҳужжат - “Янги Ўзбекистон ёшлари - 2030” стратегияси тақдимоти бўлиб ўтди. Унда махсус стратегия майдонлари ташкил этилиб, иштирокчилар йирик лойиҳалар ва имкониятлар билан таништирилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси мамлакатимизда ёшларга оид қабул қилинаётган биринчи яхлит стратегия бўлиб, янги Ўзбекистонни барпо этишда ёшларнинг ўрни ва салоҳиятини янада тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган.
Бугунги кунда юртимиз аҳолисининг қарийб 25 фоизини 14–30 ёшдаги йигит-қизлар ташкил этади. Ана шу демографик омил ёшлар сиёсатига узоқ муддатли ва тизимли ёндашувни талаб этмоқда.
Стратегияда ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, сифатли таълим ҳамда хорижий тилларни оммалаштириш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, волонтёрликни кенг ёйиш, шунингдек, йигит-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш каби энг асосий устувор йўналишлар қамраб олинган.
Мазкур стратегия ўзида 8 та устувор йўналиш, 32 та янги ташаббус ва 44 та мақсадли кўрсаткични жамлаган.
Хусусан, ёшлар бандлигини таъминлашда “Келажак касблари” дастури йўлга қўйилиб, хусусий сектор билан биргаликда ҳар йили 20 минг нафар ёш замонавий касбларга бепул ўқитилади.
Хўш, бу жараёнда ёшлар тадбиркорлиги ва стартаплар учун қандай янги имкониятлар яратилади?
–“Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегиясида ёш тадбиркорлар сафини 30 фоизга ошириш, уларнинг 70 фоизини барқарор даромадга олиб чиқиш ҳамда бу орқали 20 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб қўйилган, –деди Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев.– Бу мақсадларга “Янги авлод тадбиркорлари” дастури орқали Гарвард, Йел, MIT, Стенфорд ва Лондон бизнес мактаби каби нуфузли олийгоҳлар тажрибаси асосида 20 минг ёш ўқитилади. Улардан минг нафар тадбиркор сараланиб, лойиҳалари учун 206 миллион сўм (500 БҲМ) гача имтиёзли ссуда ажратилади.
Ёшларнинг мингта истиқболли стартап лойиҳалари қўллаб-қувватланиб, уларнинг камида 400 таси халқаро бозорга олиб чиқилади. Ойига 10 мингдан ортиқ китоб сотадиган тадбиркорларга 1 миллиард сўмгача имтиёзли ссуда ажратилади (3 йил муддатга 6 ой имтиёзли давр).
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси томонидан ёш тадбиркорларга электр, сув, канализацияга уланиш харажатининг 4 миллион (10 БҲМгача) сўмгача бўлган қисми қоплаб берилади.
Таълим, волонтёрлик ва ёшлар инфратузилмалари ҳам эътибордан четда қолмайди. Хусусан, стратегияда 2030 йилга қадар ўқув марказлари сони 90 мингтага етказиш, 450 минг нафар ёшнинг хорижий тиллар бўйича билимини Б2 даражасига олиб чиқиш ва 900 минг ёшни волонтёрлик ҳаракатига жалб этиш мақсад қилинган.
Бунда олис ва чекка ҳудудларда ўқув марказларини очиш учун 300 миллион сўмгача ссуда, ижтимоий фаол ёшларга эса волонтёрлик жамғармасидан 100 миллион сўмгача грантлар ажратилади.
Б2 даражадаги сертификатга эга ёшлар учун хорижга чиқиш паспорти божи, C1 даражаси ва тадбиркорлик ташаббуслари учун эса айрим давлат хизматлари тўловлари 50 фоизгача камайтирилади.
Ҳудудларда китоб дўконлари ва “Book-kafe”ларни ўзида жамлаган махсус “Ёшлар кўчалари” барпо этилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА