Саудия Арабистони жаҳон чемпионатига бепул чипта совға қилмоқда
Яқинлашаётган Жаҳон чемпионати стадионларининг бўш қолиши хавотири фонида FIFA учун кутилмаган ечим пайдо бўлди: Саудия Арабистони мухлисларига барча ўйинлар учун бепул чипта совға қилмоқда.
Саудия Арабистони футбол федерацияси АҚШдаги мухлисларига бўлажак жаҳон чемпионати ўйинлари учун бепул чипта совға қилишини маълум қилди, деб ёзади The Sun нашри.
Мазкур қарор Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFA) нинг 11 июнь куни старт оладиган ва уч мамлакат: АҚШ, Мексика ва Канадада бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати учун стадион тўлмай қолишидан хавотири фонида қабул қилинди.
Саудия Арабистони терма жамоаси 16 июнь куни Маямида Уругвайга илк учрашуви ўтказади. Гуруҳ босқичининг ушбу ўйини учун чипталар 3000 доллар атрофида сотилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони терма жамоаси FIFA рейтингида 61-ўринни эгаллаб турибди. Турнир келаси ҳафта бошланиши арафасида федерация чипта нархи юқорилиги мухлисларни хариддан тўсаётгани учун ҳам шу тизимни яратди.
Айни пайт федерация чипта сиёсати бўйича суд жараёнига ҳам дуч келмоқда. Нью-Йорк ва Нью-Жерси бош прокурорлари 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати вақтида нарх ва ўриндиқлар бўйича нотўғри йўл тутилганини даъво қилган мухлислар шикоятидан сўнг тергов бошлаган.
Г.Сатторова ЎзА