Британия ғазнаси калити кимга берилади?
Триллионлаб фунтлик бюджет, солиқ сиёсати ва давлат харажати учун масъул лавозим бўшаши мумкин. Британияда Бош вазир алмашиши ҳақидаги баҳс кучайган сари мамлакатнинг кейинги молия вазири ким бўлиши бўйича муҳокама ҳам авж оляпти. Бу қарор нафақат Лондондаги сиёсий муҳит, балки молия бозори ва миллионлаб британлар ҳаётига ҳам таъсир қилади.
Муҳокама марказида мамлакат бош вазирлигига даъвогар сифатида кўрилаётган Манчестер шаҳри мэри ва Лейбористлар партияси таниқли сиёсатчиси Энди Бёрнхэм турибди. Агар у ҳукумат раҳбарига айланса, иқтисодий сиёсатни кимга ишониб топшириши жуда қизиқ. Шу боис эҳтимолий номзодлар атрофида қизғин сиёсий кураш бошланган.
Асосий даъвогар – собиқ соғлиқни сақлаш вазири Уэс Стритинг. У иқтисодий ўсишни рағбатлантириш тарафдори сифатида танилган ва Бёрнхэмга яқин сиёсий шахс ҳисобланади. Яна бир кучли номзод – Лейбористлар партияси собиқ раҳбари, амалдаги энергетика вазири Эд Милибанд. Тарафдорлари унинг тажрибасини асосий устунлик сифатида кўрсатса, танқидчилари номзодни иқтисодий сиёсат борасида эҳтиёткорликка чақирмоқда.
Рўйхатда собиқ бизнес вазири, ҳозирги меҳнат ҳамда пенсия масаласи бўйича вазир Пэт Макфадден ҳам бор. Айрим таҳлилчилар уни давлат молиясини бошқариш учун энг тайёр номзод, деб ҳисоблайди. Шунингдек, ташқи ишлар вазири Иветт Купер ҳам муросали йўл сифатида тилга олинмоқда. У ғазначилик тизимида ишлаш тажрибасига эга бўлиб, партия ичида турли қарашлар ўртасидаги мувозанатни таъминлай оладиган сиёсатчи сифатида баҳоланади.
Лондондаги муҳокама фақат шу номлар билан чекланмайди. Ички ишлар вазири Шабона Маҳмуд, собиқ мудофаа вазири Жон Хили, Бош вазир девони раҳбариятида ишлаётган Даррен Жонс ҳамда иқтисодчи ва сиёсатчи Торстен Беллнинг номлари ҳам тилга олинмоқда. Шу билан бирга амалдаги молия вазири Рейчел Ривз лавозимини сақлаб қолиши эҳтимоли ҳам истисно қилинмаяпти. Ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган. Биргина лавозим учун кечаётган кескин кураш Британия иқтисодиёти кейинги йўналишини белгилаши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА