Сармоя: ҳудудлар иқтисодий ўсишининг асосий драйвери
Давлатимиз раҳбари раислигида 2026 йил 21 июль куни ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ҳамда йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун инвестициялар ҳажмини ошириш, экспортни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳар бир ҳудуднинг ички имкониятларини тўлиқ ишга солиш энг муҳим вазифалар сифатида белгиланди.
Бу вазифалар ижросини таъминлашда Томди туманида амалга оширилаётган ишлар эътиборга лойиқ. Чунки бугун туманда инвестицияларни жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва экспорт салоҳиятини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар мамлакатда белгиланган иқтисодий сиёсатнинг ҳудудлардаги амалий ифодасига айланмоқда.
Жорий йил учун Томди тумани инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 185,5 миллиард сўмлик 26 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Уларни молиялаштириш учун 86,7 миллиард сўм ўз маблағлари, 6,4 миллиард сўм банк кредитлари ҳамда 7 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиши белгиланган. Бу лойиҳалар натижасида 368 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Инвестициялар тармоқлар бўйича мутаносиб тақсимланган. Саноат соҳасида 94,7 миллиард сўмлик 3 та лойиҳа, хизмат кўрсатиш соҳасида 70,7 миллиард сўмлик 7 та лойиҳа, қишлоқ хўжалигида эса 20,1 миллиард сўмлик 16 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу эса ҳудуд иқтисодиётини бир томонлама эмас, балки комплекс ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳар бир раҳбарнинг энг асосий вазифаси экани яна бир бор қайд этилди. Томди туманида ҳам бу борада ижобий кўрсаткичларга эришилмоқда. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида yangiish.mehnat.uz платформаси орқали 22 та иш ўрни яратиш режалаштирилган бўлса, амалда 184 та янги иш ўрни киритилиб, режа 736 фоизга бажарилди. Бу сармоя лойиҳалари аҳоли учун барқарор даромад манбаини яратишга хизмат қилаётганини кўрсатади.

Давлатимиз раҳбари экспортни иқтисодий ўсишнинг муҳим драйверларидан бири сифатида баҳолаб, ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар улушини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берди. Томдида бу йўналишда ҳам муайян натижалар қайд этилмоқда. 2026 йил учун 2 миллион 24 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт прогнози белгиланган бўлиб, йилнинг дастлабки беш ойида 425 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинди.
Видеоселектор йиғилишида хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, инвесторлар учун қулай муҳит яратиш ҳам асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Туманда бу борадаги натижалар алоҳида эътиборга сазовор. Жорий йил учун 90 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш вазифаси белгиланган бўлса, январь-июль ойларида режа 94,7 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилиб, йиллик режа 105,2 фоизга бажарилди.
Бу кўрсаткичларга эришишда “CHEMICAL STREAM” МЧЖнинг 10 миллион доллар, “AURUM GLOBAL GROUP” МЧЖ ХКнинг 62 миллион доллар ҳамда “JI LONG WIND POWER” МЧЖнинг 7 миллион долларлик инвестициялари муҳим аҳамият касб этди. Йирик сармоялар янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, замонавий технологияларни жорий қилиш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.

Маҳаллийлаштириш дастури ижросида ҳам ижобий ўсиш кузатилди. Биринчи чоракда режалаштирилган 1 миллиард 369 миллион сўмлик маҳсулот ўрнига 1 миллиард 597 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, режа 116,6 фоизга бажарилди. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар салоҳияти ортиб бораётганини англатади.
Энг муҳими, бугун амалга оширилаётган ҳар бир инвестиция лойиҳаси келажакда янги корхоналар, рақобатбардош маҳсулотлар, юқори даромадли иш ўринлари ва аҳоли фаровонлигини таъминлайдиган мустаҳкам иқтисодий пойдеворни яратмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистонда ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар Томди тумани мисолида ҳам ўзининг амалий самарасини бераётганини яққол тасдиқлайди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири